Тиббиёт ходимларига тўланмаган қўшимча пуллар ундирилди
Бу борада, айниқса, тиббиёт ходимларининг хизмати ниҳоятда катта бўлди.
Коронавирус пандемияси даврида қатор соҳа ходимлари саломатлиги ва ҳаётини хавф остига қўйсада, касалланганларни даволаш, карантинда сақланаётганларга хизмат кўрсатиш, умуман, фаолияти билан боғлиқ ишларни сидқидилдан бажариб, касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш ишларида фаол иштирок этди.
Бу борада, айниқса, тиббиёт ходимларининг хизмати ниҳоятда катта бўлди.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида»ги низомга мувофиқ соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари оғир бўлган даврда иш олиб борган тизимдаги белгиланган йўналишлар ходимларининг лавозим маошига 15 фоиз миқдорда қўшимча ҳақ берилиши кўзда тутилган, – дейди Булоқбоши тумани адлия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Э.Жулиев. – Шунга қарамасдан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бир қатор ходимларга қўшимча пуллар ўз вақтида тўланмаган.
Тиббиёт бирлашмаси ходимларининг бу борадаги мурожаати туман адлия бўлими мутахассислари томонидан ўрганилди, муаммо қонуний тарзда ҳал этилди.
Ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида туман тиббиёт бирлашмасининг 6 нафар ходимига қўшимча ҳақ тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат бўйича туман Адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судига тиббиёт ходимларига белгиланган тартибда қўшимча пуллар тўлаб берилиши юзасидан ариза киритилди. Суд буйруғига асосан, тиббиёт ходимларига жами 15 миллион 772 минг сўм миқдоридаги тўланмаган устама ҳақ ундириб бериладиган бўлди.
– Адлия бўлими кўмаги билан ойлик маошимга қўшиладиган, лекин тўланмаган 2 миллион 563 минг 167 сўм миқдордаги қўшимча пулни оладиган бўлдим, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи Манзурахон Мамажонова. – Қонун устуворлиги, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол бўлаётган адлия бўлими ходимларидан миннатдорман.