Тиббий жиҳозлар сифатини баҳолашда малакали мутахассислар сафи кенгаймоқда
Бугун тиббиётда қўлланилаётган ҳар бир буюмнинг сифати ва хавфсизлиги инсон саломатлиги билан бевосита боғлиқ. Шу боис тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш, уларнинг сифатини баҳолаш ва бозорга чиқариш жараёнларида замонавий талаблар ҳамда халқаро стандартларга амал қилиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда ҳам тиббий жиҳозлар хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро мезонларга уйғунлаштириш ва ушбу йўналишда малакали мутахассислар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказида амалга оширилаётган ишлар ана шу жараённинг амалий кўринишларидан биридир.
Марказ мутахассислари мувофиқликни баҳолаш бўйича махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаб, белгиланган тартибда аттестациядан ўтди. Уларнинг тегишли гувоҳномаларга эга бўлиши ва мувофиқликни баҳолаш ҳуқуқига эга мутахассисларнинг ягона давлат реестрига киритилиши соҳада профессионал баҳолаш тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Марказда хорижий мутахассислар иштирокида “ISO 13485:2016 стандартидан тиббий жиҳозлар бозорини тартибга солиш мақсадида фойдаланиш” мавзусида махсус ўқув курси ҳам ташкил этилди. Курс якунида ходимлар халқаро стандартлар бўйича сертификатларга эга бўлди. Яъни, гап фақат навбатдаги малака ошириш ҳақида эмас — гап тиббий жиҳозлар сифатини халқаро мезонлар асосида баҳолай оладиган мутахассислар салоҳиятини шакллантириш ҳақида бормоқда.
Мазкур жараённинг аҳамияти, айниқса, келгуси йилларда янада яққол намоён бўлади. Президентимизнинг 2025 йил 19 августдаги тегишли фармонига мувофиқ, 2027 йил 1 июлдан бошлаб тиббий жиҳозлар ишлаб чиқувчилари учун ЎзМСт ISO 13485:2025 миллий стандартига мувофиқлик сертификати мажбурий талаб этилади.
Ушбу талабнинг жорий этилиши тиббий жиҳозлар ишлаб чиқувчиларидан сифат менежменти тизимларини янги босқичга олиб чиқишни талаб этади. Бунда халқаро стандартларни чуқур биладиган, ишлаб чиқариш жараёнларини холис ва профессионал баҳолай оладиган мутахассисларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода, бугун марказда амалга оширилаётган кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш ишлари келажакдаги талаблар учун зарур профессионал базани шакллантирмоқда.
Зеро, ISO 13485 талаблари фақат ҳужжатлар ёки сертификатлар билан чекланмайди. У тиббий жиҳозларни ишлаб чиқариш жараёнида сифатни тизимли равишда бошқариш, эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш ва маҳсулот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ёндашувни назарда тутади. Якунда эса бу талабларнинг барчаси битта муҳим мақсадга — аҳоли учун хавфсиз ва сифатли тиббий маҳсулотлар мавжудлигини таъминлашга хизмат қилади.
Марказда бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Малакали ва халқаро стандартлар бўйича тайёргарликка эга мутахассислар сафининг кенгайиши Ўзбекистонда тиббий жиҳозлар бозорини тартибга солиш ва мувофиқликни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқувчиларнинг халқаро талабларга мослашувини қўллаб-қувватлаш ҳамда энг муҳими, инсон саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим амалий қадамлардан биридир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА