Тиббий хизмат сифати янада яхшиланади
Озарбайжонлик трансплантолог олим Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров озарбайжонлик халқаро миқёсда таниқли уролог-жарроҳ, трансплантолог, тиббиёт фанлари доктори Рашад Шоланни қабул қилди. Учрашувда Фарғона вилоятида аҳолига урологик тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, вилоят аҳолиси учун буйрак кўчириш амалиёти ўтказиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хайрулло Бозоров 2022 йил июнь ойидан буён вилоят соғлиқни сақлаш тизими билан ҳамкорликда иш олиб бораётган доктор Рашад Шоланни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг маслаҳатчиси этиб тайинлангани билан қутлаб, вилоят аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш ишига қўшиб келаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

Доктор Шолан маслаҳатчи лавозимида болалар ва катталар учун буйрак соҳасида шу пайтгача хорижда амалга ошириб келинган ўта мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоят тиббиёт муассасаларида маҳаллий мутахассислар иштирокида йўлга қўйиш, Фарғонада буйрак плантацияси соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларнинг доимий малакасини ошириш масалалари билан шуғулланади. Шунингдек, унинг раҳбарлигида вилоят урология марказида вилоятимиз ҳудудидаги урологик хизмат кўрсатувчи барча тиббиёт муассасаларига буйрак хасталиги билан мурожаат қилган беморларнинг электрон умумий мониторингини юритиш, касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда самарали даволашни ўз ичига оладиган тизим ҳам шакллантирилишига ҳам келишиб олинди.
М.Сулаймонов, ЎзА