Тиббий кўрик – саломатлик омили
Сардоба туман тиббиёт бирлашмасининг кардиолог, эндокринолог, невропатолог, гинеколог каби тор доирадаги мутахассислари "Дўстлик" оилавий шифокорлик пунктида Янгиқишлоқ маҳалласида истиқомат қилаётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказди.
Шунингдек, аҳоли орасида учраётган юқумли бўлмаган касалликлар, унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда олдини олиш мақсадида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Сирдарё филиали мутахассислари иштирокида “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида тарғибот тадбири ҳам ўтказди.


– Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида 7 нафар фуқарода турли ҳолатдаги касалликлар аниқланди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Фахриддин Холматов. – Уларга туман, вилоят шифохоналарида даволаниш, саломатликларини тиклаш учун тавсия берилди. Айримларига қайта текширувдан ўтиш учун маслаҳатлар берилди.


Сардобада давом этаётган бу каби тиббий кўриклар касалликларни барвақт аниқлаш ва даволашда муҳим аҳамият касб этади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.