Тезкор замонда руҳий саломатликни асраш – долзарб масала
Замон тез ва шиддат билан тараққий этмоқда. Кутилмаган бурилишлар, кескин ўзгаришлар, тезкорлик, юқори ахборот оқими ва рақамли технологиялар инсон саломатлигига таъсир қилмай қолмайди. Кундалик ҳаётда смартфонлар, ижтимоий тармоқлар ва доимий онлайн мулоқот инсон психикаси ва асаб тизимига катта юкламадир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ахборот ортиқчалиги, доимий стресс, уйқу режимининг бузилиши, камҳаракатлик ва виртуал муҳитга ортиқча боғланиш каби омиллар неврологик ва психосоматик касалликлар ривожланишига туртки бермоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида диққатни жамлашнинг қийинлиги, хавотирланиш ва эмоционал чарчоқ каби ҳолатлар кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.
Инсон саломатлиги тизимида асаб тизими муҳим ўрин тутади. Неврология — бу марказий ва периферик асаб тизими фаолияти, унинг касалликлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда даволаш усулларини ўрганувчи мураккаб ва серқирра тиббиёт соҳаси. Замонавий дунёда инсульт, нейродегенератив касалликлар, стресс ва руҳий-неврологик бузилишлар тобора кўпайиб бораётгани ушбу йўналишнинг аҳамиятини янада оширмоқда. Айниқса, цереброваскуляр касалликлар бугунги кунда глобал миқёсда ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабларидан бирига айланган.

Технология тараққиёти бир томондан тиббиёт учун улкан имкониятлар яратса, иккинчи томондан инсон асаб тизимига салбий таъсир қилмоқда. Масалан, узоқ вақт экран қаршисида ўтириш марказий асаб тизими фаолиятига таъсир қилиб, бош оғриқлари, уйқусизлик ва нейровегетатив бузилишларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, бугунги кунда неврология нафақат касалликларни даволаш, балки уларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва психогигиена масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратаётган соҳалардан бирига айланмоқда.
Сўнгги йилларда тиббиётда, хусусан, неврология соҳасида сезиларли ютуқлар қўлга киритилди. Илғор диагностика усуллари, нейровизуализация технологиялари, сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш имкониятлари касалликларни эрта босқичда аниқлашга хизмат қилаётир. Шу билан бирга, нейрореабилитация, мультидисциплинар ёндашув ва индивидуал даволаш протоколларининг жорий этилиши беморлар ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим омилга айланмоқда. Бироқ шунга қарамасдан, нейродегенератив касалликларни тўлиқ даволаш, шунингдек аҳоли ўртасида профилактик ёндашувларни кучайтириш каби қатор муаммолар долзарблигича қолмоқда.
Пойтахтимиз ҳамда Андижонда “Неврологик касалликларни диагностика қилиш, патогенез ва даволашнинг замонавий масалалари” мавзусида ўтказилган форум ана шундай долзарб масалаларнинг илмий ва амалий жиҳатдан муҳокама қилинишига, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилди.
Форум неврология соҳасидаги энг долзарб йўналишларни қамраб олди. Унда замонавий клиник тавсиялар, диагностика ва даволашнинг инновацион усуллари, нейросоматика масалалари, шунингдек нейродегенератив ва цереброваскуляр касалликларга оид илмий тадқиқотлар атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, юқорида қайд этилган замонавий ҳаёт тарзининг инсон асаб тизимига таъсири, стресс омилларининг ортиб бораётгани ва уларни бартараф этиш бўйича профилактик ёндашувлар ҳам мутахассислар диққат марказида бўлди. Айниқса, мультидисциплинар ёндашув, коморбид ҳолатларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда нейрореабилитация самарадорлигини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, неврологлар, нейропсихологлар, амалиётчи шифокорлар ва ёш тадқиқотчилар иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашди. Форум Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамда Ўзбекистон неврологлари жамоат бирлашмаси томонидан ташкил этилгани унинг илмий салоҳияти ва амалий аҳамиятини янада оширди.
Бундай анжуманлар нафақат илмий мулоқот майдони, балки замонавий тиббиёт ютуқларини амалиётга жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Неврология соҳасидаги изланишлар ва инновациялар эса келгусида инсон руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш, умр сифатини яхшилаш ва касалликлар оқибатларини камайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Моҳигул Қосимова, ЎзА