Тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш муҳим
Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шаҳар ва туман давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.
Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шаҳар ва туман давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.
Тадбирга оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бир қаторда вилоят адлия бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда муассасалари масъул ходимлари, давлат хизматлари марказларининг раҳбар ва мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари таклиф этилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат хизматлари марказларига юридик ва жисмоний шахслардан жами 778 минг 371 та мурожаат келиб тушган. Шундан 775 минг 609 таси давлат хизматлари соҳасига тегишли, жумладан, 22 минг 762 таси тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масаладир.
Рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги мурожаатларнинг 718 минг 436 таси белгиланган муддатларда ҳал этилиб, 60 мингга яқин мурожаатни ижроси таъминлаган масъул ваколатли органларга юборилди.
Аҳолига сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатишда Давлат хизматлари марказларидан узоқ масофада жойлашган қишлоқ, овулларда сайёр давлат хизматлари кўрсатиш амалиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни ўтган давр мобайнида сайёр хизмат шаклида 82 мингдан кўпроқ давлат хизматлари кўрсатилгани мисолида кўриш мумкин.
Шунингдек, халқ билан мулоқот қилиш, аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларига ечим топиш мақсадида бошқарма томонидан ҳар ойнинг белгиланган саналарида туманларда сайёр қабул, очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Бундай тадбирларда фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, улар томонидан ўртага ташланаётган муаммоларнинг аксариятига ечим топиб, қолганлари назоратга олинмоқда. Жумладан, Уйчи туманида ўтказилган сайёр қабул давомида 30 нафар фуқаронинг муаммоси атрофлича ўрганилиб, уларнинг 10 таси жойида ҳал этилди. 15 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунчалар берилиб, қолган 5 таси назоратга олинди.
Давлат хизматлари кўрсатиш сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида ҳам изчил иш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида Норин, Тўрақўрғон, Поп, Наманган туманларида давлат хизматлари марказларининг янги бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янгиқўрғон, Учқўрғон, Чуст, Уйчи туманларида янги барпо этилган бинолар фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.
Тадбирда мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.