English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Технопарклар – электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқаётган кластерга айланяпти

Президент Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига ташриф буюриб, электротехника саноати технопаркидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Дастлабки манзил юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Enco Group” корхонаси бўлди.

Мамлакатимизда энергетика тармоғини жадал модернизация қилиш, янги электр станциялари ва нимстанциялар қуриш, магистрал тармоқларни янгилаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли сонининг ўсиши натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу боис, юқори кучланишли кабель маҳсулотларига ички ва ташқи бозорларда барқарор талаб шаклланмоқда.

Фаолияти ушбу талабни қондиришга қаратилган “Enco Group” корхонаси Беларусь Республикасининг “Энергокомплект” компанияси билан ҳамкорликда “Eltech Industrial” технопарки ҳудудида 21 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 60 миллион долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг 600 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилмоқда. Корхона йилига 25 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариши, экспорт салоҳияти 300 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Айни пайтда қурилиш ишларининг биринчи босқичи 98 фоизга якунланган, 10 миллион доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилган. Корхона маҳсулотлари Германия, Латвия, Эстония, Болгария ва МДҲ давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йиллик экспорт ҳажми 140 миллион долларга етиши тахмин қилинмоқда.

Ўтган йили мамлакатимизга 400 миллион долларга яқин юқори кучланишли кабель маҳсулотлари ва изоляцияланган мис шиналар импорт қилинган. Корхона тўлиқ ишга туширилгандан кейин 150 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи шундай маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Марказий Осиёда бундай йўналишда фаолият юритаётган 12 та корхонанинг 4 таси Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатимизда электротехника саноати босқичма-босқич юқори қўшилган қиймат яратадиган тармоққа айланаётганини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбарига корхонанинг келгусидаги ривожланиш режалари, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.

Президентимиз саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда экспортбоп рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари  Оҳангарон туманидаги “Vades Group” компанияси томонидан амалга оширилаётган юқори технологияли лойиҳа билан танишди.

Мазкур корхонада идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, сим-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январда “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Ҳужжатда электротехника саноати ва унга ёндош соҳаларни ривожлантириш, юқори технологияли ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш борасида вазифалар белгилаб берилган.

Шунга мувофиқ, корхона рақамли давлат хизматларини жорий этиш, фуқароларнинг кундалик эҳтиёжлари учун қулай ва хавфсиз тўлов тизимларини шакллантиришда зарур бўлган воситаларни ишлаб чиқаради.

Германиянинг “Infineon technologies” компанияси билан ҳамкорликда “Eltech Industrial” технопарки ҳудудида ташкил этилаётган корхонанинг умумий қиймати 15 миллион долларга тенг.

Айни вақтда қурилиш ишларининг иккинчи босқичи ўн беш фоизга бажарилиб, 7 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Ҳудуди 4 гектар майдонни эгаллаган замонавий мажмуада 100 га яқин янги иш ўрни яратилади, 6 миллион долларлик экспорт амалга оширилади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2025 йил давомида мамлакатимизга 35 миллион долларлик микропроцессор модуллари, сим-карталар ва турли тўлов карталари импорт қилинган.

Мазкур корхона тўлиқ ишга тушиши ҳисобига 5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бозордаги таннарх уч-беш фоизга пасайиши кутиляпти.

Замонавий корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Мозамбик, Камбоджа каби қатор давлатларга экспорт қилинади.

Давлатимиз раҳбари МДҲ давлатлари орасида ишлаб чиқариш ҳажми бўйича учинчи ўринда бўлиши кутилаётган ушбу корхонада яратилаётган шарт-шароитлар, технологик ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Президентимиз юқори қийматли маҳсулотлар бўйича инновацион ёндашувларни жорий этиш, маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириш ва экспортни янада кенгайтириш масалаларида муҳим топшириқ ва тавсиялар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи доирасида Оҳангарон туманидаги “Infinity Copper Group” мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш корхонасида ҳам бўлди.

Лойиҳа Хитой ва Германия компаниялари билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилаётгани, унинг умумий қиймати 36 миллион долларга тенг экани ҳақида маълумот берилди.

Бу ерда қурилиш ишлари 90 фоизга якунланган, лойиҳа доирасида 14,9 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Ўзбекистонга 2025 йилда 15 миллион долларлик мис қувурлар ва фитинглар импорт қилинган. Мазкур корхона тўлиқ ишга тушгач, 10 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Корхонада 300 та янги иш ўрни яратилади, 200 миллиард сўм бюджет тушумлари таъминланади ҳамда 350 миллион долларлик экспорт амалга оширилади. Маҳсулотлар Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Африка қитъаси ҳамда Европа давлатларига етказиб берилади.

“Infinity Copper Group” Ўзбекистонда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчи ўринни эгаллаб, жами тўртта ишлаб чиқариш корхонасини ўз ичига олади.

Президентимиз мамлакатимизда мис қувурлари ва фитинглар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга саноат маҳсулотлари улушини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Бундай замонавий, рақобатбардош корхоналар сонини кўпайтириш орқали ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш ва экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

 Давлатимиз раҳбари Оҳангарон туманига ташрифи давомида “Premier” маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантириш ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Натижада тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи, экспорт бозорларида рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайди.

Хусусан, Оҳангарондаги мазкур лойиҳа ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг “Fajr Al Mustaqbal General Trading” корхонаси билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилаётган бўлиб, умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил қилади.

Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилади, 4 миллион доллар экспорт амалга оширилади. Айни вақтда қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилиб, 11,3 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.

Мазкур корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Қирғиз Республикаси, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинади.

Айни пайтда бу каби корхона Ўзбекистонда иккита, Марказий Осиёда эса тўртта бўлиб, уларнинг орасида мазкур лойиҳа маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради.

Келгусида мажмуа тўлиқ ишга тушишининг ҳисобига 87 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутиляпти.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди. Мутахассислар ва ишчилар билан суҳбатлашди.

Шу ернинг ўзида корхонанинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдимот қилинди. Мамлакатимиздаги электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўргазмаси билан танишилди.

Президентимизга “Eltech Industrial” технопаркида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалар тўғрисида  ахборот берилди.

Технопарк электротехника саноатини янги босқичга олиб чиқиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган йирик саноат кластерига айланмоқда. Технопарк тўртта ҳудуддан иборат, умумий майдони 362 гектарни ташкил этади. Ҳозирги кунда 4 та лойиҳа ишга туширилган, 27 та лойиҳа шакллантирилган. Умумий қиймати 797 миллион доллар бўлган корхоналарда минглаб янги иш ўринлари яратиш ва салмоқли экспорт ҳажмига эришиш режалаштирилган.

Ишга туширилган корхоналарда мис қувурлари ва фитинглар, микропроцессор модуллари ва сим-карталар, юқори кучланишли кабеллар ҳамда маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида ўта юпқа мис фольгаси, бошқарув ва СИП кабеллари, робототехника ва электроплаталар каби янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилади.

– Электротехника саноатини иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айлантириб, кўрсаткичларни келгусида ўн миллиард долларга етказишни стратегик мақсад қилиб қўйишимиз зарур. Бунинг учун ички ва ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда соҳа учун етук, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишимиз шарт, – деди давлатимиз раҳбари.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз РУСТАМОВ,

Марҳабо ХОЖИАКБАРОВА,

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА мухбирлари