Техникум ўқувчиси «WorldSkills Shanghai 2026» да эътироф этилди
Сирдарёлик ёшларнинг касбий маҳорати халқаро майдонда яна бир бор эътироф этилди. Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтказилган «WorldSkills Shanghai 2026» халқаро касбий маҳорат чемпионатида Ширин энергетика техникуми ҳамда ACWA Power лойиҳаси ўқувчиси Алижон Эгамов «Совутиш ва ҳавони кондиционерлаш» йўналишида «Medal for Excellence» — касбий маҳорат медалига сазовор бўлди.
Бу натижа Сирдарёда касбий таълим олаётган ёшларнинг халқаро майдондаги иштироки изчил давом этаётганини ҳам кўрсатади. Бундан бир йил аввал — 2025 йилнинг ноябрь ойида Хитойнинг Тайбэй шаҳрида ўтказилган «WorldSkills Asia Taipei 2025» чемпионатида ҳам Ширин энергетика техникуми ўқувчиси Иқболмирзо Абдусамадов электромонтаж йўналишида «Миллатнинг энг яхшиси» («Best of Nation») мукофотига сазовор бўлган эди.
Мазкур чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси 16 та маҳорат йўналишида 32 нафар иштирокчи билан қатнашди. 22 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақада иштирокчилар ўз касбий билим ва амалий кўникмаларини халқаро мезонлар асосида намойиш этдилар.
Иқболмирзо Абдусамадовнинг натижаси Ширин энергетика техникуми ўқувчиларининг халқаро касбий маҳорат мусобақаларидаги иштироки учун муҳим тажриба бўлди. Орадан кўп ўтмай, навбатдаги халқаро майдонда Алижон Эгамовнинг эътироф этилиши мазкур тажрибанинг мантиқий давоми бўлди.


«WorldSkills Shanghai 2026»даги натижа Алижон учун нафақат шахсий ютуқ, балки танлаган касби бўйича амалий кўникмаларини халқаро даражада намойиш этиш имконияти ҳам бўлди. «Совутиш ва ҳавони кондиционерлаш» йўналишидаги беллашувлар иштирокчилардан техник билим, амалий маҳорат, аниқлик ва муаммоли вазиятларда тўғри ечим топиш қобилиятини талаб қилди.

Ширин энергетика техникуми директори Алфаробий Хусановнинг таъкидлашича, бундай натижалар замирида ўқувчининг изланиши билан бир қаторда, устозларнинг меҳнати ва таълим жараёнида яратилган шароитлар ҳам муҳим ўрин тутади.
— Ўқувчиларимизнинг халқаро майдондаги бу каби натижалари, аввало, уларнинг касбий салоҳиятини намоён этади. Бундай ютуқ ўз-ўзидан келмайди. Унинг замирида ўқувчининг интилиши, устозларнинг меҳнати ва таълим жараёнида яратилган имкониятлар мужассам. Алижоннинг «WorldSkills Shanghai 2026»даги натижаси ҳам ана шу меҳнатнинг амалий самараларидан бири десам муболаға бўлмайди. Олдимизда ҳали кўп мақсадлар бор. Ишонамизки, ёшларимиз келгусида энергетика ва бошқа соҳалар учун малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар бўлиб етишади, — дейди Алфаробий Хусанов.
Касбий маҳорат мусобақаларида иштирок этиш ёшлар учун ўз билими ва амалий кўникмаларини халқаро мезонлар асосида синаб кўриш, тажриба алмашиш ҳамда танлаган касбига бўлган қизиқишини янада ошириш имконини беради.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, Ширин энергетика техникуми ўқувчиларининг кетма-кет халқаро мусобақаларда эътироф этилиши касбий таълимнинг амалиётга йўналтирилгани ва ёшларнинг замонавий меҳнат бозори талабларига мос тайёрланаётганини кўрсатувчи натижалардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири