Тест синовлари имкониятлар сари қадам
Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг билим ва малакасини юксалтириш, шу орқали уларни моддий қўллаб-қувватлаш, даромадларини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, шу кунларда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган малака тест синовлари ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.
Андижон вилояти педагогик маҳорат марказида таълим ва илм-фан вазирлиги тасарруфидаги педагог кадрлар малака тест синовларида иштирок этмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, навбатдаги малака тест синовлари жорий йил 28 октябрдан 28 ноябрга қадар ўтказилиши белгиланган, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходими Жаҳонгир Йўлчиев. – Малака тест синовлари барча умумтаълим фанлари бўйича ўтказилади. Синовларнинг юқори савияда ўтказилиши учун зарур барча шароитлар яратилган.
[gallery-32220]
Жорий йил кузги аттестация синовларида иштирок этиш учун вилоят бўйича жами 17 минг 922 нафар педагогдан ариза келиб тушган бўлиб, улардан 14 минг 186 нафари белгиланган талаблар асосида қабул қилинди. Улар аттестация синовларида иштирок этмоқда. Кузги илк малака тест синови она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари учун ташкил этилиб, унда 434 нафар педагог ўзининг касбий билим ва салоҳиятини синовдан ўтказмоқда.
– Малака тест синови ўқитувчини ўз устида тинимсиз ишлашга, билимларини мунтазам бойитиб боришга ундовчи муҳим тадбирлардан ҳисобланади, – дейди Пахтаобод туманидаги 25-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Дилафрўз Холдинова. – Жумладан, мен ҳам очиқ-ошкора, шаффоф тарзда ташкил этилган тест синови орқали билимларимни синовдан ўтказдим. Якунда 94 балл тўплашга эришиб, олий малака тоифаси ва 70 фоизлик устама олиш имкониятини қўлга киритдим.
Белгиланган фанлар бўйича жорий йил 28 ноябрга қадар давом этадиган синовларда Андижон вилоятида иш олиб бораётган 14 минг 186 нафар педагог иштирок этиши кўзда тутилган.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари