Термизлик ўқувчи қизлар ўзаро беллашди
Термиз шаҳридаги таълим муассасаларининг 9-11-синф ўқувчи қизлари ўртасида “Бахтим шулки, ўзбекнинг Зулфиясиман” кўрик-танлови ўтказилди.
Маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” доирасида шаҳар ёшларини маънавий қўллаб-қувватлаш ва иқтидорини рўёбга чиқариш мақсадида тасдиқланган режага асосан, жорий йилнинг февраль-май ойларида ҳар ҳафта Термиз шаҳар ҳокими соврини учун фан, таълим, санъат, китобхонлик ва спорт йўналишида турли кўрик-танлов, фан олимпиадалари, беллашув ва спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 5-11-синф ўқувчилари ўртасида физика, математика, информатика, биология ва тарих фанлари бўйича, бахшичилик, қўшиқчилик, рассомчилик йўналишларида, шунингдек, “Абдулла Орипов издошлари, “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” каби турли кўрик-танловлар ўтказилмоқда.
[gallery-1401]
9-11-синф ўқувчи қизлари ўртасида ўтказилган “Бахтим шулки, ўзбекнинг Зулфиясиман” номли кўрик-танлов ҳам ушбу режага мувофиқ ташкил этилди. Унда шаҳардаги барча умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ва касб-ҳунар мактабларининг ҳар биридан биттадан, жами 30 нафар ўқувчи иштирок этди.
Танловда қизлар 3 шарт бўйича ўзаро беллашди.
Якуний натижаларга кўра, 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Камола Мингтўраева биринчи, 23-умумтаълим мактаби ўқувчиси Марғиёна Тўхтаева иккинчи, 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси Жасмина Жўллиева учинчи ўринни эгаллади.
ЎзА фотомухбири
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар.