Термизлик ғолиб ҳарбийлар шарафланди
Бухоро шаҳрида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий қисм хизматчилари ўртасида спортнинг қўл жанги, миллий кураш ва тош кўтариш турлари бўйича ўтказилаётган мусобақанинг округ босқичи якунланди.
Муросасиз баҳсларга бой бўлган беллашувда ҳарбий округнинг Бухоро, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларидаги ҳарбий қисм ва ҳарбий муассасалари ўртасида биринчи ўринни эгаллаган ҳарбий хизматчилар ўзаро куч синашди.

Уч кун давом этган қизиқарли мусобақада спортнинг учта тури бўйича ҳам Термиз гарнизони ҳарбий хизматчилари фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, беллашувнинг Мудофаа вазирлиги босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ғолиб команда Термиз шаҳрида тантанали кутиб олиниб, ютуқлари муносиб рағбатлантирилди. Мусобақанинг финал босқичида округ шарафини фахр билан ҳимоя қилишига катта ишонч билдирилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири