Термиздаги хаб транспорт-логистика тармоғининг стратегик бўғини Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган
“Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзуидаги “Термиз мулоқоти”нинг иккинчи йиғилиши иштирокчилари “Термиз Карго Марказ” халқаро кўп тармоқли транспорт-логистика хаби билан танишди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг геофазавий информация бўйича Тошкентдаги мутахассиси (БМТ НЖБнинг Тошкент шаҳридаги геофазовий ахборот бўйича мутахассиси) Александр Нобахас Ганау хабнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликни таьминлашдаги ўрни ҳақида журналистларга интервью берди:
- Биз танишаётган “Термиз Карго Марказ” халқаро кўп тармоқли транспорт-логистика хаби минтақалараро транспорт алоқаларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Афғонистон ҳақидаги хавф-хатарлар макони тасаввуридан уни янги имкониятлар қўрғонига босқичма-босқич ўзгартириш учун қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Марказий Осиёни Евроосиёдаги савдо ва транспорт-логистика йўлакларининг асосий бўғинига айлантиришда Ўзбекистон илгари сураётган ғоялар хабдан янада самарали фойдаланишга кенг имконият яратади. Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи қуруқлик кўприги орқали трансминтақавий ўзаро боғлиқликнинг таянч тузилмаси сифатидаги ролини оширади. Биз хабда бунинг учун барча шароит мавжудлигини кўрдик.
Айни пайтда ҳам хабдан Афғонистон ва бошқа давлатлардаги ёрдамга эҳтиёж сезадиган инсонлар учун захира яратиш, зарур бўлганда тезкор етказиб бериш учун фойдаланилаётгани таҳсинга сазовордир. Минтақада транс афғон йўлагининг ривожлантирилиши Марказий ва Жанубий Осиёнинг барқарор ривожланишида ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, Афғонистон ичида ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу пайтгача чекка минтақа сифатида қаралган ҳудудни асосий савдо ва транспорт оқимларининг кесишиш нуқтасига, ишлаб чиқариш, логистика ва энергетикани юксалтириш маконига айлантиради.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири