Термиздаги Мурчбобо мақбарасини эшитганмисиз?
Термиз шаҳридаги Мурчбобо мақбараси сайёҳларда ўтмишдаги тарихи ва ўзига хос қурилиш услуби билан катта қизиқиш уйғотиб келади.
Термиз шаҳридаги Мурчбобо мақбараси сайёҳларда ўтмишдаги тарихи ва ўзига хос қурилиш услуби билан катта қизиқиш уйғотиб келади. Аҳоли ўртасида зиёратгоҳда ўсиб турган мурч дарахти ҳақида ҳам ғаройиб ривоят юради.
Айтишларича, самарқандлик савдогар Саид Вали 1874 йилда ҳаж амалини адо этиб, кичик ёшли ўғли билан Афғонистоннинг Балх шаҳри орқали юртига қайтаётиб Термизга келади. Ўшанда Термиз атрофидаги қумзорда Паттакесар, деган жой бўлиб, бу ернинг қароқчи-ўғрилари Саид Валининг қаршисидан чиқади. Унинг белбоғига боғланган ҳамёнида пул бор, деган ўй билан уни ўлдиради. Қўрқувдан даҳшатга тушган Саид Валининг ўғли бақириб, қоча бошлайди. Ўғрилар уни ҳам тутиб, ўлдиргач, савдогарнинг белбоғидаги ҳамёнга қарашса, пул эмас, қора мурч уруғи чиқади. Ўғрилар мурч уруғини ташлаб юбориб, савдогар ва унинг ўғлини ўша ерга кўмади, ерни текислаб қўяди. Белги сифатида ёғоч таёқ устига оқ мато боғлайди. Кейинчалик ана шу ердан мурч дарахти униб чиқади.

Ўша замонда карвонларга йўл кўрсатувчи бўлган Имом Алибой қандайдир шубҳали йўллар билан бойиб, катта савдогарга айлангач, ўтган асрнинг 16 йилида чорва молларига омбор қурдириш учун Саид Вали шаҳид бўлган жойни танлайди. Мурч дарахтини кестириб, қурилишни бошлайди. Унга бу ерни шайх шаҳид бўлган жой экани ҳақида айтишса ҳам, бу гапларга аҳамият бермайди. Қурилиш вақтида Имом Алибойга ишчилари бу ердан одам суяги қолдиқлари чиқаётгани тўғрисида хабар бергач, уни ўз кўзи билан кўриб, қўрқувдан фалаж бўлиб қолади. Кутилмаган касални даволаш учун кўплаб муолажа олса-да, бироқ бойнинг оёққа туриб кетиши оғир кечади. Бу хатти-ҳаракатларини чуқур таҳлил қилган Имом Алибой ўз ҳисобидан шайх қабри устида мақбара қурдиришга бел боғлайди. Қурилиш тугагач, бу ердан яна мурч дарахти ўсиб чиқади. Шундан сўнг бойнинг тушига кирган ҳожи ҳазратлари ўзининг ким эканини айтиб беради. Бу воқеалардан кейин Имом Алибой узоқ яшамай, оламдан ўтган. Мақбара ва мурч дарахти муқаддас зиёратгоҳга айланиб қолган.
Юз йиллардан буён қадимий шаҳарда бўй кўрсатиб турган мақбара ўтган асрнинг 80-йилларида қайта таъмирланиб, зиёратчилар учун обод гўшага айлантирилган.
