Термизда жамоат транспорти тизими ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аҳоли сонининг ўсиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ва эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур хизмат сифатини ошириш, уни бугунги давр ва шароитга мослаштиришни тақозо этади. Термиз шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш мақсадида мавжуд 11 та йўналишда 140 дан ортиқ автобус қатнови йўлга қўйилган.
Кейинги етти йилда аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий автобуслар билан янгилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу саъй-ҳаракатлар Термиз шаҳрини ҳам четлаб ўтмади. Биргина ўтган 2023 йилда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг Термиз филиали очилиб, янги 100 дона “Isuzu” русумли автобус олиб келинди. Бунинг натижасида автобусларнинг бекатларга етиб келиш орасидаги оралиқ вақт 20 дақиқадан 7-10 дақиқага туширилди.
Таъкидлаш керак, Термиз шаҳрида бир кунда ўртача 68 минг, бир ойда 2,1 миллион, бир йилда эса 24,3 миллион йўловчи жамоат транспортидан фойдаланади. Бу рақамлар ошгани сари мазкур хизматдан фойдаланувчиларга яратилаётган қулайликлар ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, 11 та йўналиш бўйича ҳаракатланаётган автобусларда автоматлаштирилган “АТТО” тўлов тизими жорий қилинган. Бу эса ўз навбатида, тўловларни нақд ва электрон шаклда, яъни карталар орқали амалга ошириш имкониятини яратмоқда. Қисқасини айтганда, жамоат транспортидаги бу ўзгаришлар инсон қадри учун, деган эгзу ғояга ҳамоҳанг ҳолда ривожланиб бормоқда.
[gallery-16369]
Албатта, жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган муҳим ижтимоий хизмат ҳисобланади. Унинг ривожланиши эса нафақат йўллардаги тирбандликнинг олдини олишда, балки йўловчиларнинг хавфсиз ва тезкор ҳаракатланишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Жoнибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА