Термизда ёш авлод чавандозлари камол топмоқда
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактаби ва Чавандозлар мактабида бўлиб, миллий меросимизнинг яна бир ажралмас қисми бўлган қорабайир отларини парваришлаш ва от спортига кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Президентимизнинг 2021 йил 5 августдаги “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мажмуада ёш авлод чавандозлари тарбияланиб, миллий от спорти мусобақалари ўтказиш йўлга қўйилган. Бунинг учун ёш авлод вакиллари маҳорат мактабидаги секция ва клубларга кенг жалб этилмоқда. Шунингдек, ноёб зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириб, миллий от спортининг халқаро довруғини ошириш, йилқичиликда наслчилик ишларини такомиллаштириш йўли билан Қорабайир зотли отлар бош сонини кўпайтириш юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят раҳбари муассасада яратилган шарт-шароитлар, от спортини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд инфратузилма ҳамда ёш чавандозлар учун ташкил этилган ўқув-машғулот жараёнларини кўздан кечирди. Мактаб ҳудудида бунёд этилиши режалаштирилаётган замонавий отхоналар, маҳорат мактаби комплекси, чавандозлар мактаби лойиҳаси тақдимоти билан танишди. Лойиҳаларда отларни парваришлаш, уларни тайёрлаш ва спортчилар учун қулай шароит яратишга эътибор қаратилгани алоҳида эътироф этилди.

Қорабайир зотли отлар эгарда юришдан ташқари юк ташиш ва қишлоқ хўжалиги юмушларида ҳам яхши самараси беради. Бақувватлиги, ғайратли, ювош ва итоаткорлиги, тезкор ва шароитга тез мослашувчанлиги билан ҳам шуҳрат қозонган. Халқимиз миллий ўйинлар, жумладан, улоқ-кўпкари мусобақаларида қорабайир зотли отлардан фойдаланади.

Вилоят ҳокими бу ерда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, инфратузилмани янада ривожлантириш, от спортини оммалаштириш йўлида олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларини берди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири