Термизда “Саломатлик сайли” ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Санъат саройида 7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан “Саломатлик сайли” ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган акция ижтимоий ҳимояга муҳтож, сурункали касаллиги бор беморларни ҳудудларнинг ўзида юқори технологик муолажаларни ўтказиш орқали соғломлаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, беморларга индивидуал маслаҳатлар беришни ташкиллаштириш мақсадига қаратилган.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этди.
“Саломатлик сайли”да республика ихтисослаштирилган тиббий марказларнинг малакали шифокорлари, вилоят тиббий муассасаларининг етук мутахассислари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. Жараёнда оилавий поликлиникаларда рўйхатда турган беморлар, ёши улуғ кексалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ёш болали оналар, уларнинг фарзандлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб қилинди.
[gallery-11253]
Кўчма хасталик аниқланган беморларга шифокорларнинг кўрсатмаси билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан кўзойнаклар, 12 турдаги дори-дармон воситалари бепул тарқатилди.
Акция вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА