Термизда ўсимликлар клиникаси иш бошлади
Вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишга ихтисослашган клиниканинг очилиш маросимида кейинги йилларда аграр соҳада юз бераётган ўзгариш ҳамда янгиланишлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан салмоқли ҳосил олишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Воҳада иссиқхоналар сони, томорқа ер эгаларининг ердан самарали фойдаланишга бўлган интилиши ортиб бораётгани бундай клиникалар ташкил этишга эҳтиёжни оширгани ва улар нафақат иссиқхона хўжалиги ёки аҳоли томорқаси, балки қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, мева-сабзавотчилик каби тармоқларида ҳам мўл ҳосил олишга кўмаклашиши қайд этилди.
Президентимизнинг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган ўсимликлар клиникаси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолига агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш бўйича хизматлар кўрсатиш, шунингдек, ўсимликлар зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш учун кимёвий, биокимёвий, биологик ва механик воситалар билан таъминлаш каби вазифаларни бажаради.
Мутахассисларнинг айтишича, мамлакатимизда ҳар йили зараркунандалар ва турли касалликлар қишлоқ хўжалигида ҳосилнинг 30-35 фоизини нобуд қилади. Биргина сабзавотчиликда ҳосилнинг 8 фоизидан ортиғи бой берилади. Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бу муаммони ечишнинг тажрибадан ўтган замонавий усулларидан кенг фойдаланишга қулай имконият яратаётир. Бунинг учун ҳудудларда ўсимликлар клиникаси ташкил этилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини турли касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилинмоқда.

Ўсимликлар ҳимояси билан шуғулланувчи “MOBETCO” компаниясига қарашли мазкур клиникада деҳқон ва фермер хўжаликларига ўсимликлар касалликлари ҳамда зараркунандаларига қарши кураш воситалари, препаратлар етказиб берилади. Малакали агроном хизмати кўрсатилади. Биологик ва кимёвий воситалар ёрдамида ўсимликларни қайта ишлашга, экинларни зараркунандалардан ҳимоялашга ёрдам беради. Вилоят қишлоқ хўжалигида фитосанитар хавфсизликни таъминлаб, экологик тоза мева-сабзавот етиштириш ва хорижга экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажмини янада оширишга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири