Термизда дунё полвонлари жам бўлади
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнир меҳмонларини кутиб олиш, жойлаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва мусобақани байрамона рухда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилди.
Халқаро турнир олдидан Термиз шаҳри ва туманларда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, кўчалар байрамона безатилди. Халқаро турнир акс этган баннерлар ўрнатилди.
Дунё ёшлари ўртасида ўзбек курашига қизиқиш ортиб, оммавий спорт турига айланиб бормоқда. Сайёрамизнинг турли давлатларида ўтказилаётган мусобақаларда энг кучли полвонлар гиламга тушиб, ўзаро беллашаётгани, мустақиллик йиллари Алпомишлар юртида икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган мазкур турнир ҳам жаҳоннинг энг кучли полвонларини Сурхон воҳасига жамлаётгани бунга яққол далилдир.
Пандемия шароитида ташкил этилаётган бу йилги турнирда Жанубий Африка, Бенин, Ботсвана, Россия, Камерун, Қувайт, Польша, Грузия каби ўттизга яқин давлатдан 60 нафар полвон иштирок этиш истагини билдирган. Шунингдек, ғолибларни аниқлаш учун еттита давлатдан келадиган энг моҳир ҳакамлар мусобақани кузатиб боради.
Маълумотларга кўра, бу йилги нуфузли беллашувда мамлакатимиз шарафини 49 нафар полвон ҳимоя қилади. Уларнинг 24 нафари сурхондарёликлардир.
Термиз шаҳридаги “Алпомиш” стадионида полвонлар ва кураш мухлислари учун барча қулайлик яратилиб, тубдан таъмирланди. Саҳна, овоз кучайтиргич қурилмалари, табло ва бошқа зарур жиҳозлар ўрнатилди. Ўн мингга яқин томошабинга мўлжалланган стадионда карантин қоидаларига риоя этилиши юзасидан ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Меҳмонларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш учун турли маданий тадбирлар, Ҳаким ат -Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота каби қадимий обидалар ва Фаёзтепа, Қоратепа сингари ноёб археологик ёдгорликларга саёҳатлар уюштириш режалаштирилган.
Ташкилий қўмитанинг Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги йиғилишида халқаро турнирга кўрилган тайёргарлик ишлари чуқур таҳлил қилиниб, катта спорт байрамини кўнгилдагидек ўтказиш учун аниқ мақсадга йўналтирилган галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА