Термиз – “Шимол – Жануб” транспорт-логистика коридорида ишончли кўприк
Термизда ўтказилаётган “Ўзбекистон – Россия: Евросиё маконида стратегик шериклик” мавзуига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этаётган “Валдай” халқаро мунозара клуби дастури директори Тимофей Бордачёв мухбиримизга ҳамкорликдаги анжуманнинг аҳамияти ва Термизнинг Евросиё маконидаги бугунги ўрни ҳақида интервью берди:
– Ўзбекистон – Россия алоқалари ривожида экспертларнинг бир жойда тўпланиб, муҳим масалаларни ишончли, очиқ, қизғин муҳокама этишининг ўз ўрни бор. Чунки, мамлакатларимизнинг икки томонлама халқаро ривожланиш босқичларини чуқур таҳлил қилиб, муҳокама этиш икки давлат учун ҳам ҳар тарафлама манфаатли бўлади. Барча ишлар мувофиқлаштирилади. Бугунги учрашувимиз ҳам айнан ана шу мақсадларга қаратилгани эътиборга сазовордир.
Биласизми, шу ўринда бир фикримни айтмоқчиман: мен анжуманимиз ўтаётган халқаро бу марказда биринчи марта бўлаётганим йўқ. Савдо зонасини қуриш режалаштирилган йиллардан бошлаб кузатганман. Бу жойда ўтган беш йилда амалга оширилган ишларни, халқаро савдо учун яратилган шароитларни кўриб, катта таассуротга эга бўлдим. Менимча, Ўзбекистон ҳозир Россияни мустақил ҳамдўстлик давлатлари, шу жумладан, Афғонистон ва Жанубий Осиё билан боғлаш учун кўприк вазифасини бажармоқда.
Бугун биз Термизнинг халқаро савдо платформасида Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон каби давлатларнинг маҳсулотларини учратяпмиз. Бу Ўзбекистоннинг “Шимол – Жануб” транспорт-логистика коридорида ишончли халқаро алоқаларни таъминлаётганининг амалдаги ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири