Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Термиз шаҳрида барпо этилаётган IT Park филиалининг янги биноси қурилиши жараёнлари билан танишди. Унда резидент корхоналари ва ходимлар учун яратилаётган шароитларни кўздан кечирди.
Янги бино қисқа муддатда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, унда резидент компаниялар учун имтиёзли жойлашиш имконияти яратилади.
Шунингдек, вазир бино фойдаланишга топширилгандан сўнг ҳудудда ташкил этилиши режалаштирилаётган IT академия лойиҳаси билан ҳам танишди.Академияда келгусида вилоят ёшлари учун қандай ўқув дастурлари ва тренинглар йўлга қўйилиши лозимлиги бўйича тавсиялар берди.
Ҳозирги кунда филиал биноси қурилиш жараёнининг якуний босқичида бўлиб, бино қисқа муддатларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Бино фойдаланишга топширилгандан сўнг Сурхондарё вилоятида IT соҳасини ривожлантириш учун муҳим инфратузилма объекти бўлиб хизмат қилади. Бинода IT академия фаолияти йўлга қўйилади, 20 дан ортиқ IT соҳасидаги корхоналарни имтиёз асосида жойлаштириш имконияти ҳамда ёшлар учун юқори маошли қўшимча иш ўринлари яратилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА