Термиз шаҳри: сарҳисоб ва истиқбол
Бугун халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиевнинг 2021 йил якунлари ва 2022 йилда Сурхондарё вилояти марказини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор вазифалари бўйича мурожаати тингланди.
Мурожаатда қайд этилдики, якунланётган 2021 йил бутун дунё учун барча соҳаларда жиддий синовларга бой бўлди. Глобал пандемия таъсирида барча ижтимоий ва иқтисодий тармоқларнинг ривожланиш даражаси тўсиқларга дуч келди.

Президентимиз томонидан кўрилган тезкор чоралар ҳамда инқирозга қарши курашиш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар бу тўсиқларни енгишда муҳим дастуриламал бўлди. Кўрилган чора-тадбирлар Термиз шаҳрида ҳам ижтимоий соҳалар ривожланиши ва макроиқтисодий кўрсаткичлар ўсишини таъминлади. Жумладан, саноатда ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми 1 триллион 55 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан 1 триллион 293 миллиард сўм ёки 114,8 фоизга ўсиши, аҳоли жон бошига нисбати 6 миллион 580 минг сўмга етиши кутилмоқда. Янги йилда қиймати 121,8 миллиард сўмлик 27 та янги лойиҳа ишга туширилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади. Жорий йил якуни билан хизматлар кўрсатиш ҳажмини 2 триллион 870,9 миллиард сўмга етказиш мўлжалланмоқда. Чакана савдо айланмаси ва қурилиш-пудрат ишлари ҳажми ҳам ўтган йилга нисбатан сезиларли ўсаётгани кузатилмоқда.
Меҳнат бозоридаги тенденцияларга мувофиқ йилнинг ўтган даврида 2 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Шундан 703 таси 60 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, 373 таси 10 та ижтимоий инфратузилма объектларини ишга тушириш, 623 таси якка тартибдаги тадбиркорлик ҳамда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига барпо этилди.

Камбағалликни қисқартириш ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 15 нафар фуқаро субсидия асосида томорқасида иш билан банд бўлди. 637 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тўлаб берилди. Уларнинг 89 нафари "Аёллар дафтари" га, 76 нафари "Ёшлар дафтари" га киритилган фуқаролар, 43 нафари "Темир дафтари" даги оилалар аъзоларидир.
Мурожаатда “Темир дафтар,” “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш, тадбиркорлик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, “Маҳаллабай” ишлаш тизимини кейинги босқичга олиб чиқиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш каби йўналишларда олиб борилган ишлар ҳамда галдаги вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Аҳолини тоза ичимли сув, табиий газ, ички йўлларни таъмирлаш, мактабгача таълим, туризм ва спортни ривожлантириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни жиловлаш борасида юз берган ўзгаришлар ва янги йилдаги режаларга алоҳида эътибор қаратилди. Инвестиция дастури доирасида ижтимоий соҳа обьектларини қуриш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

–Ўтаётган йилда Инвестиция дастурига асосан Термиз шаҳрида 9 та дастурга мувофиқ, қиймати 114,5 миллиард сўмлик ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди, – деди шаҳар ҳокими И. Худойбердиев. – Бунда 49,5 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига 59,3 километр муҳандислик-коммуникация инфратузилма объектлари қурилиб, қайта таъмирланди. Боғишамол маҳалласида 1 минг 540 ўринли 26-умумий ўрта таълим мактаби, 160 ўринли Президент мактаби барпо этилиб, фойдаланишга топширилди, 25-умумий ўрта таълим мактаби реконструкция қилинди. Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бошқармасининг учта объекти, ички ишлар ва Мажбурий бюро органларининг биттадан обьекти қурилиб, ишга туширилди. Тоза ичимлик сув билан таъминлаш, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳаларда ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Бу борадаги ишлар келгуси йил ҳам изчиллик давом эттирилади.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга мувофиқ кейинги беш йилда Термиз шаҳрида 12 минг 466 хонадонли 278 та замонавий кўп қаватли уй-жой қурилиб фойдаланишга топширилди. Шундан 2 минг 55 хонадонга мўлжалланган 28 таси жорий йилда қад ростлади. Келгуси йил учта массивда 7 ва 16 қаватли 33 та 7 минг 296 хонадондан иборат осмонўпар турар-жой биноси бунёд этилади.

Қиёфаси тубдан ўзгариб бораётган шаҳарда жорий йил 36 миллион долларлик, келгуси йил 42 миллион доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Экспортёр корхоналар ўтаётган йилда 27,9 минг долларга тенг маҳсулот экспорт қилаётган бўлса, янги йил якунигача бу кўрсаткич 38,2 минг долларга етади. Бунинг учун "Afghan Bazar Silk Carets Asia" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонасининг “Ипак ва жун маҳсулотларидан гилам ишлаб чиқариш”, "Oravit Ceramic" масъулияти чекланган жамиятининг “Маиший ва декоратив керамик буюмлар ишлаб чиқариш”, "Сурхондарё таъминбутлаш" масъулияти чекланган жамиятининг “ДСП ва ламинат ишлаб чиқариш” каби йирик лойиҳалари тўлиқ ишга туширилиб, маҳсулотнинг бир қисмини хорижга экспорт қилинади.
Сессияда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессия доирасида шаҳарда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар кўргазмаси ва келгуси йил амалга ошириладиган янги саноат корхоналари, хизматлар кўрсатиш иншоотлари, янги ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилиши бўйича тақдимотлар ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун янги барпо этилган ижтимоий соҳа иншоотларига пресс-тур уюштирилди. Матбуот анжумани ташкил этилиб, журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА