“Термиз – 2026” I Халқаро тиббиёт олимпиадаси якунланди
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 27-28 март кунлари Сурхондарё вилоятидаги Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида “Термиз – 2026” I Халқаро тиббиёт олимпиадаси бўлиб ўтди.
Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг ўндан зиёд тиббиёт муассасалари ва мамлакатимиздаги 50 дан ортиқ олий таълим муассасаси талабалари иштирок этган олимпиадада тиббиётнинг ўнта йўналиши бўйича тест синовлари, оғзаки савол-жавоб, вазиятли масалалар ҳамда амалий лаборатория машғулотлари орқали ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди. Ҳакамлар ҳайъати бўлғуси талабаларнинг клиник тафаккури, мураккаб ҳолатларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятларини ҳам муносиб баҳолади.

– Олимпиадада ички касалликлар йўналиши бўйича иштирок этиб, учинчи ўринни эгалладим, – дейди И. К. Ахунбаева номидаги Қирғизистон Тиббиёт академияси талабаси Айнизак Исмаилова. – Ўзимнинг бўлғуси касбим бўйича халқаро олимпиадада қатнашиб, турли давлатлардан келган билимли ва иқтидорли талабалар билан тажриба алмашдим. Соҳага оид ўз билим ва кўникмаларимни янада мустаҳкамладим. Бу ютуқ келажакда малакали шифокор бўлиш йўлида менга катта илҳом бағишлади. Олимпиада юксак даражада ташкил этилди. Университетда талабаларга яратилган замонавий шароитлар, жамоанинг меҳмондўстлиги ва Термиз шаҳрининг илиқ муҳити, самимий инсонлари ва ўзига хос маданий руҳи, қадимий ёдгорликлари бой таассурот уйғотди.

Бўлажак шифокорлар олимпиадасининг тантанали тақдирлаш маросимида мазкур халқаро илмий беллашув талаба-ёшларнинг билим ва салоҳиятини намоён этиб, ўзаро тажриба алмашиши, уларнинг дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашида муҳим аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди. Қизғин рақобат муҳитида, очиқ, ошкора ташкил этилган халқаро олимпиада иштирокчиларининг келажакда эл ишончини оқлайдиган малакали мутахассис бўлишига омад тиланди.

Тантанали тадбирда тиббиётнинг ўнта йўналиши бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган талабалар диплом, статуэтка, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Халқаро олимпиада иштирокчилари Ҳаким Термизий мажмуасини зиёрат қилиб, қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА