“Тенопарк”да илк лойиҳа ишга тушди
Термиз туманида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудудидаги “Тенопарк”нинг биринчи босқичида қиймати 65 миллиард сўмлик дастлабки лойиҳа – енгил конструкцияли, замонавий қурилиш материалларидан барпо этилган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокчиларни Янги йил билан табриклади. Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириб, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун катта имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Янги лойиҳанинг ишга туширилиши билан бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилди. Тез ва сифатли барпо этилган шохобчаларда аҳоли эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар ва “Технопарк”да ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар арзон нархларда сотилади.

Қиймати 234 миллиард сўмлик йирик иншоотнинг кейинги босқичларида Хитой технологиялари ва инновациялари асосида замонавий ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири