Теннисчи қизларимизнинг Лондондаги илк рақиблари аниқ бўлди
Жаҳон теннисининг энг нуфузли мусобақаси — Уимблдонда Ўзбекистон вакиллари кортга чиқади. Дастлабки рақиблар маълум: уларни жиддий баҳслар кутмоқда.
Англиянинг Лондон шаҳрида 29 июнь — 12 июль кунлари теннис бўйича «Катта дубулға» туркумига кирувчи Уимблдон турнири бўлиб ўтади. Жорий йилги мусобақанинг аёллар ўртасидаги яккалик баҳслари асосий тўрида Ўзбекистон шарафини Камилла Раҳимова, Полина Кудерметова ва Мария Тимофеева ҳимоя қилади.
Қуръа ташлаш маросими якунларига кўра, ҳамюртларимизнинг биринчи босқичдаги рақиблари маълум бўлди. Унга кўра, Камилла Раҳимова украиналик Анна Калининага қарши кортга чиқса, Полина Кудерметова нейтрал мақомда иштирок этаётган Людмила Самсонова билан куч синашади. Мария Тимофеева эса бразилиялик Беатрис Ҳаддад Майяга қарши баҳс олиб боради.
Шунингдек, мусобақанинг жуфтлик баҳсларида ҳам мамлакатимиз вакиллари иштирок этади. Камилла Раҳимова япониялик Мию Като билан жуфтлик ҳосил қилган бўлиб, улар биринчи даврада нидерландиялик Деми Схюрс ҳамда австралиялик Эллен Перес жуфтлигига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув 2 июль куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Уимблдон турнирининг жорий йилги умумий мукофот жамғармаси 64 миллион 200 минг еврога тенг. Яккалик баҳслари ғолиблари 3 миллион 600 минг евро мукофот ҳамда 2000 рейтинг очкосини қўлга киритади. Жуфтликлар баҳси чемпионлари эса 760 минг евро мукофот пули ва 2000 рейтинг очкоси билан тақдирланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА