«Тeмурийлар» жамоаси ғолиб бўлди
Андижонда «Ёш чегарачилар» мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати вилояти бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловнинг вилоят босқичида мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ қилиш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш ҳақида сўз борди. Унда ёш авлодни ватанпарварлик, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда «Ёш чегарачилар» танлови муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
[gallery-2175]
Мусобақада туман ва шаҳар босқичларида юқори натижа кўрсатган 7 жамоа белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун баҳс олиб борди. Қизиқарли, баҳсларга бой бўлган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Хонобод шаҳар «Темурийлар» жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мусобақада иккинчи ўрин Пахтаобод туманининг «Турон» жамоасига, учинчи ўрин эса Хўжаобод туманининг «Ватанпарвар» жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, танловда «Энг илғор қиз», «Энг илғор йигит» номинациялари бўйича ғолиб деб топилганлар ҳам ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА