Темир йўл борган жойда ҳаёт жонланади
Бунёдкорлик манзиллари
Мамлакатимизда август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади.
Бу сана Президентимизнинг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига асосан 2017 йилдан бошлаб байрам қилинади.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида фаолият кўрсатаётган ишчи-хизматчилар, қурувчи, муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчилари, умуман соҳа меҳнаткашлари, фахрийлари учун бу сана – касб байрами сифатида жуда ардоқли.
Бу йилга байрам ўзгача нишонланади. Чунки касб байрами “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилганлигининг 30 йиллиги билан ҳамоҳанг келмоқда. Эътиборли жиҳати соҳа ходимлари жорий йилги байрамни республикамиздаги энг йирик лойиҳалардан бири “Бухоро – Урганч – Хива” темир йўлини электрлаштириш ва юқори тезликда ҳаракатланадиган замонавий поездларга мослаштириш ишларини якунлаш билан қарши олмоқда.

Вақтнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат ва қадрли. Замонавий транспорт воситалари узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилади. Мисол учун 2017 йилга қадар Тошкент шаҳридан Урганчга қатновчи поездлар “Навоий – Учқудуқ – Мискин” магистрали орқали 1 минг 64 километр йўл босар эди. 2018 йилда Бухоро – Мискин темир йўли қурилиб Хивагача масофа 242 километрга қисқарди. Йўлнинг қисқаргани яхши. Лекин ана шу масофани янада тезроқ босиб ўтишнинг имкони борми? Албатта, бор. Бунинг учун ушбу магистрални электрлаштириш ва учқур поездлар қатновини йўлга қўйиш зарур. Чунки электр поездининг унумдорлиги 4,5 баробар юқори ҳисобланади. Йўлнинг самарадорлиги шунга яраша ошади.
Масалан, поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача бўлиши йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақтини 14 соатдан 7 соатга, Бухородан Хивагача бўлган масофани 8 соатдан 3 соатга қисқартиради. Бу аҳоли ва меҳмонларга катта қулайлик яратиб, туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлади.

Тезлик эвазига темир йўлнинг ўтказувчанлиги ҳам ошади. Юк ташиш имконияти йилига қўшимча 11 миллион тоннагача, йўловчилар сони 2 миллион 300 минг нафарга кўпаяди. Поездларнинг электр энергиясида юриши ҳисобига йилига 18 минг тонна дизель ёқилғиси тежалади.
Ҳозирги лойиҳага ҳамоҳанг тарзда Нукус шаҳригача бўлган темир йўлни ҳам электрлаштириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида Тошкент билан Нукус ўртасидаги қатнов вақти 16 соатдан 8 соатгача қисқаради.
Аслида темир йўлни электрлаштириш борасида Ўзбекистонда катта тажриба тўпланган. Аввало, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” темир йўли қурилиб, кейинроқ электрлаштирилди. 2011 йилда “Тошкент – Самарқанд” йўналишида Марказий Осиёда дастлабки юқори тезликда ҳаракатланувчи “Аfrosiyob” электропоездлари ҳаракати йўлга қўйилган бўлса, кейинчалик Қарши, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарларига ҳам қатновлар амалга оширила бошлади. “Мароқанд – Қарши”, ундан Термиз ва Деҳқонободгача бўлган йўналишларда ҳам электрлаштиришга доир лойиҳалар амалга оширилди.
“Ангрен–Поп”электрлаштирилган темир йўлининг ишга тушиши билан Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг қолган ҳудудлари билан боғлаб, юртимизда ягона миллий тизимни яратиш борасидаги режаларни тўлиқ амалга оширишга замин яратилди. 2020 йилдан бошлаб эса электровозда Намангандан чиқиб, 5 соат-у 20 дақиқада Андижон, Марғилон, Қўқонни айланиб, яна Наманганга қайтиб келиш мумкин бўлди.

Энди навбат Урганч ва Хива шаҳарларига етиб келди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши келгусида “Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч – Хива” йўналишида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйиш имконини беради. Ушбу йирик лойиҳанинг қиймати 445 миллион доллар. Шундан 270 миллион доллари Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан жалб этилади.

Электрлаштирилаётган “Бухоро – Урганч – Хива ва Мискин – Нукус” темир йўл участкасининг умумий узунлиги – 661,5 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида ташқи электр тармоғини қуриш, электр тортиш нимстанцияси (ТПС) ва 8 та электр туташтирувчи тармоғининг навбатчилик (ДПКС) биноси, йўл созловчилар учун табель бинолари, 44 та УЗП мосламаси билан қўриқланадиган темир йўл кесишмаси, 1 та автойўл ўтказгич ҳамда 1 та локомотив жамоаси учун дам олиш уйи қурилди. Шунингдек, 2 та вагонга техник хизмат кўрсатиш пункти ва қисмларга ажратиш ҳамда жорий таъмирлаш саноат корхонаси реконструкция қилинди. 5 та техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа темир йўлга техник хизмат кўрсатиш бино ва иншоотлари қурилди. Участка бўйлаб жами 12 мингдан ортиқ контакт тармоғининг ни ўрнатиш ҳамда контакт тармоғини монтаж қилиш, мазкур тармоққа хизмат кўрсатиш учун эса махсус техникалар ва ҳимоя воситалари харид қилиниши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳани электрлаштириш ишлари бир вақтнинг ўзида Бухоро ва Хоразм вилоятларидан икки томондан бир-бирига қараб амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар 465 километрлик участка йўналишида юз фоиз тупроқ ишлари тугатилиб, пўлат излар бўйлаб жами 9 минг 762 та пойдевор, 9 минг 697 та таянч устун, 8 минг 104 та таянч устунга консоллар монтаж қилиниб, жами 250 километрга контакт симлари ўрнатиб бўлинди.
Темирйўлчи мутахассислар томонидан шу кунгача Бухоро вилояти ҳудудидан 163,1 километр, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларидан 128,38 километр, жами бўлиб 291,48 километр (63 фоиз) контакт тармоғининг пойдеворлари ва таянч устунлари тўлиқ ўрнатилди. Бухоро – Хива йўналишидаги пўлат изларнинг икки томонига поездларнинг хавфсиз ҳаракатланиши мақсадида темир панжарали тўсиқлар ўрнатилмоқда.
Электрлаштириш ишлари учун зарур бўлган асосий маҳсулотлардан пойдевор ва таянч бетон маҳсулотлари, анкер ҳамда консоллар, контакт симлари ўзимизда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиб участка ҳудудларига ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ушбу йирик лойиҳани белгиланган муддатда тезкор, сифатли ва хавфсиз амалга оширишда саҳро бағрида меҳнат қилаётган темирйўлчиларнинг ижтимоий ҳолати, уларга яратиб берилган муҳит шароитининг яхши бўлиши зарур.
Темир йўл борган жойга маданият бориши, ҳаёт жонланиши инобатга олиниб, станциялар атрофида, худди автомобиль йўлларида бўлганидек, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш керак бўлади. Яна бир вазифа шундан иборатки, темир йўл бўйлаб чўл иқлимига мос дарахт ва буталар экиш зарур. Бу ҳам ҳудуд экологиясига ижобий таъсир кўрсатади, ҳам йўл бўйларига кўрк бағишлайди.
Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни байрами муносабати билан “Бухоро-1” – “Яхшилик” станциялари оралиғида электропоездлар қатнови йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг 13-15 июнь кунлари Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 6 та замонавий юқори тезликда ҳаракатланадиган поездларни етказиб бериш тўғрисида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда “Hyundai Rotem” компанияси ўртасида келишув имзоланди.
Маълумотларга кўра, Жанубий Кореядан 6 та юқори тезликда ҳаракатланадиган электропоезд олиб келинади ва “Тошкент – Урганч – Хива” йўналишига қўйилиши режалаштирилмоқда. Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” компаниясида ишлаб чиқарилган юқори тезликдаги электропоезд 7 вагондан иборат бўлиб, 389 нафар йўловчини сиғдира олади ҳамда соатига 250 километр тезликда ҳаракатланади.
Электропоезд “Жалолиддин Мангуберди” деб номланади. Ушбу поездлар “Тошкент – Урганч – Хива” йўналишида қатнайди. Тошкентдан Хивага 7 соатда етиб боради.
Рустам ҲАЙДАРОВ,
“Ўзбекистон темир йўлари” акциядорлик жамияти
Ахборот – таҳлилий медиа маркази мутахассиси,
ЎзА