«Тележурналист» китобининг тақдимоти ўтказилди
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, «Олтин қалам» миллий мукофоти соҳибаси, заҳматкаш журналист Саодат Ўрмонованинг «Тележурналист» китоби тақдимоти ўтказилди.
Таниқли журналистлар, олимлар ва ижодкорнинг яқин қариндошлари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқалар китоб муаллифининг ибратли ҳаёт йўли, ижодий ютуқлари ҳақида гапирди. Китобнинг соҳага кириб келаётган ёшлар ҳаётидаги аҳамиятига тўхталинди.
– Телевидениеда ишлаш осон эмас, журналистика машаққатли йўл, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур. – Айниқса, аёл киши учун. Чунки учта болани уйга ташлаб микрофон кўтариб сафарларда юриш, монтаж жараёнлари чўзилиб кетиши, эфир иши туфайли уйга кеч қайтиш ҳолатлари бўлади. Саодатнинг Саодат бўлишида ҳам турмуш ўртоғи ва яқинларининг қўллови сабаб, десак муболаға бўлмайди. Саодат соҳани севади. Қарийб 30 йилдан ошиқ шу соҳа ичида яшаб келмоқда. Унинг ҳаёт йўли барчага қизиқ, хусусан менга ҳам. Китоб нима учун яратилади. Одамларга арзигулик нарсалар туҳфа этиш учун. Саодатнинг китобида ҳам ўқувчига арзигулик нарсалар талай.
[gallery-3822]
– Саодат опа тинимсиз ҳаракатда, изланишда, – дейди журналист Нозима Воҳидова. – Ҳеч қачон у кишининг бекор ўтирганини кўрмаганман. Доим шошиб юради, доим нима биландир банд. Журналист сифатида ёшлар Саодат опанинг сабоқларини олишлари керак. Ушбу китоб Саодат опанинг қалб қўри билан ёзилганига аминман. Саодат опа ҳам ишни, ҳам оилани маромида олиб борган, ҳавас қилса арзигулик ютуқларга эришган ижодкорлардан бири. Иродали, ташаббускор аёл сифатида бошидан кўп нарсаларни ўтказди. Соҳанинг қийинчиликларини ўтади. Буларни ўқиш китобхонга ҳам қизиқ, албатта. Мен ҳам фаолиятим давомида кўздан кечирганларимни қоғозга тушириб бораман. Тақдимотдан сўнг менда ҳам эсдаликларимни китоб ҳолида чоп этиш истаги пайдо бўлди. Саодат Ўрмонова доим сафарда бўлади. Чекка-чекка ҳудудлардан қаҳрамонлар ва эфирга муносиб кадрлар ахтариб юради. У шунчаки ижод қилмайди, томошабин билимини ошириш, кайфиятини кўтарувчи лавҳалар қилади.
Янги чоп этилган китобда ҳам ана шундай ранг-баранг журналистик қарашлар, хотира ва лавҳаларни кузатиш мумкин. Китоб «Илм-зиё-заковат» нашриётида Шуҳрат Ҳайитов муҳаррирлигида чоп этилган.
Д.Маматова, Муҳаммад Амин (фото), ЎзА