“Telegram” Қозоғистонда ўз ваколатхонасини очади
Қозоғистонда ноқонуний контентларга қарши курашиш ва товламачилар аккаунтини блоклашда ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш учун “Telegram” мессенжери офиси очилади. Бу ҳақида Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Маъдиев хабар қилди.
“Telegram” билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида АҚШ Савдо палатаси ва Американинг бир қатор, жумладан "Apple" ва "Meta" компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувда маълум қилинди. Тегишли хабар Қозоғистон вазирлиги сайтида чоп этилди.
“Қонунчилигимизга мувофиқ, “Telegram”, “WhatsApp” ва “TikTok” каби интернет платформалар эндиликда Қозоғистонда ўз вакилига эга бўлиши шарт. “Telegram” билан уларнинг вакилини тайинлаш ва идорасини очиш тўғрисида келишувга эришилган бўлиб, бу контент устидан назоратни амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланади”, — дея Маъдиевнинг сўзларидан иқтибос келтиради вазирлик матбуот хизмати.
Вазирнинг сўзларига кўра, сўнгги чоракда “Meta” сунъий интеллект технологияси ёрдамида бутун дунё бўйлаб 1,2 миллиард фейк аккаунтлар блокланган.
7 октябрь куни “Telegram” мессенжери янгиланган талқинини тақдим этди, ундан бир нечта янги функциялар ўрин олган. Хусусан, бизнес версияси мижозлари фойдаланувчиларнинг телефон рақамларини текширишлари мумкин бўлади. Контент юзасидан шикоят қилиш механизмлари такомиллаштирилди. Бундан ташқари “Фирибгарлик ва спам” бўлимида энди “фишинг” ҳам мавжуд.
Қозоғистонда офис очилиши Ўзбекистондаги “Telegram” фойдаланувчиларга ҳам таъсир кўрсатади. Маҳаллий фойдаланувчилар Қозоғистондаги офис орқали мессенжерга тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА