Текстиль корхонасида 2 минг киши ишли бўлди
Наманган вилоятининг Чуст туманида ака-ука тадбиркор Дилшод ва Жамшид Исматуллаевлар ташаббуси билан таъсис этилган “Chust Textile” масъулияти чекланган жамиятининг тикув цехи фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тақдимот маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, саноат ишлаб чиқаришнинг ривожи иқтисодиётимиз барқарорлигида муҳим ўрин тутади. Айни шу боисдан ҳам Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида саноатни ривожлантириш, модернизация ва диверсификация қилиш, янгидан-янги корхоналарни барпо этиш ҳамда маҳсулотларнинг сифат даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, бугунги кунда тўқимачилик саноати тармоғидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар ўзининг юқори сифати ва замонавийлиги билан ҳар қандай хорижий давлатларнинг маҳсулотлари билан рақобатлаша олади. Нафақат Фарғона водийси, балки республикадаги йирик тўқимачилик ва тикувчилик корхоларидан бири бўлган “Chust Textile” масъулияти чекланган жамияти фаолияти фикримизга яққол мисолдир. Бундан 15 йил аввал, яъни 2007 йилда Чуст туманидаги собиқ “Барион” фабрикасида фаолият бошлаган ака-ука тадбиркор Дилшод ва Жамшид Исматуллаевлар ташкил этган корхона ўтган йиллар давомида ишлаб чиқариш қамровини кенгайтирди.
Айниқса, сўнгги 3-4 йил жамият фаолиятида туб ўзгаришлар даври бўлди. Корхонага 2019 йил октябрь ойида “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ажратилган 15 гектар ер майдони бугунги кунда замонавий корхона кўринишига келди. “Chust Textile” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган ишлаб чиқариш лойиҳаси трикотаж матоси тўқиш, бўяш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби учта босқичдан иборат. Умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 11 миллион доллари ташаббускорларнинг ўз маблағи, 3 миллион доллари банк кредити ҳисобланади.
– 2019-2021 йилларда жамиятимиз лойиҳасининг биринчи ва иккинчи босқичларида хориждан 10,5 миллион доллар эвазига сўнги турдаги технологик ускуна ва дастгоҳлар келтириб ўрнатилди, – дейди “Chust Textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационнализатор” фахрий унвони соҳиби Дилшод Исматуллаев. – Бунинг натижасида 550 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Аҳил жамоамизнинг фидокорона меҳнати билан корхонамиз томонидан Россия, Италия, Чехия, Кипр, Қирғизистон, Қозоғистон каби ўнлаб давлатларга қарийб 23 миллион долларлик трикотаж маҳсулотлари экспорт қилинди. Олдимизга қўйган марралар аста-секин забт этилмоқда. Учинчи босқич – янги тикув цехи ҳам фойдаланишга топширилди. Бу билан чекланиб қолмасдан корхона фаолиятини янада кенгайтириш режамиз бор.
Айни пайтда жамиятга тегишли бўш ерга 5 қаватли бино қурилмоқда. Бу ерда ишчи-ходимлар учун тўйхона, турар-жой мажмуалари барпо этилади. Келгусида болалар боғчаси ва мактаб бунёд этиш ҳам кўзда тутилган. Корхонанинг учинчи босқичини ишга тушириш учун 3,5 миллион доллар сарфланди. Қўшимча 700 та янги иш ўрни яратилди. Жамиятдаги ишчи-ходимларнинг сони 2000 нафарга етди. Эътиборли жиҳати ишчи-ходимларнинг аксариятини аёллар ва ёшлар ташкил этади.
–Қишлоққа ишлаб чиқариш, саноат корхонаси қанчалик кўп бўлса, фаровонлик ва ўсиш бўлади, – дейди Чуст тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Шаҳодат Абдуллаева. – Туманимизнинг чекка, чўл зонасини гулзорга, ажиб корхонага айлантирилиши ишсиз юрган одамларнинг бандлигини таъминлади. Мана, олти йилдирки, текстиль корхонасида ишлаб, рўзғорга ўз ҳиссамни қўшиб келяпман. Фарзандларимни ўқитдим, ҳунарли бўлди. Ишхонамизда биз ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Махсус ажратилган транспортлар хизматимизда. Тушлик пайтида овқат берилади. Ойлик иш ҳақим ўртача 2 -2,5 миллион сўм. Ўтган йилнинг ўзида яхши ишлаганим учун уч марта мукофот пули билан рағбатлантирилдим. Биз оддий қишлоқ аёллари мамлакатимизда инсон қадри улуғланаётганидан беҳад мамнумиз.
– “Chust Textile” корхонасининг янги тикув цехи очилганини эшитиб ишлаш учун бордим, – дейди Чуст туманидаги Меҳнатобод маҳалласида яшовчи Озода Йўлдошева. – “Ёшлар дафтари” рўйхатида турганим сабабли бу ерда ўз ишимни бошладим. Корхонада яратилган шароитлардан беҳад миннатдорман. Келгусида бор малакамни ишга солиб, корхона ишлаб чиқариш самарадорлигига ўз ҳиссамни қўшаман.
Дарҳақиқат, жамият аъзоларининг ўз олдига қўйган мақсадлари улкан. Корхона жорий йилда 20 миллион долларлик экспортни амалга оширишни режалаштирган. Бу ўтган 2021 йилга нисбатан 45 фоизга кўпдир.
“Chust Textile” масъулияти чекланган жамиятининг тикув цехи очилиши маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
[gallery-6959]
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.