2016 йилда Фарғона вилоятида енгил саноат йўналишида 130 дан ортиқ лойиҳа ишга тушди
“Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар бугун жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Фарғона вилоятидаги енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар ҳам хорижлик харидорларга манзур бўлмоқда.
“Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар бугун жаҳон бозоридан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Фарғона вилоятидаги енгил саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли маҳсулотлар ҳам хорижлик харидорларга манзур бўлмоқда.Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида хорижий сармояларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналар экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлаётир.
Ўтган йили вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида енгил саноатда 130 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилди. Қўқон шаҳридаги “Индорама Коканд Текстайл” қўшма корхонаси, Бешариқ туманидаги “Бешариқ тўқимачи”, Учкўприк туманидаги “Хумо тўқимачи” масъулияти чекланган жамиятлари, Бағдод туманидаги “Фергана спиннинг” қўшма корхонаси каби кўплаб корхоналарда истиқболли лойиҳалар амалга оширилиб, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Фарғона шаҳрида иш бошлаган “Fergana oseana textile” Ўзбекистон – Таиланд қўшма корхонаси йилига 3 минг 600 тонна пахта хомашёсидан сифатли ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона маҳсулотлари Европа давлатлари, Россия ва Хитойга экспорт қилинмоқда.
Марғилон шаҳридаги “Тексажен” масъулияти чекланган жамиятида кейинги уч йилда кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилиб, замонавий технологиялар ўрнатилди. Ишлаб чиқариш қуввати ва маҳсулот сифати янада ошган корхонада айни пайтда 100 дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган ип-калава маҳсулотлари рақобатбардошлиги ва юқори сифати билан харидорларга манзур бўлаётир. Мазкур жамиятда кунига 8 тоннага яқин ип-калава ишлаб чиқарилиб, тайёр маҳсулотлар Россия, Хитой, Эрон ва Туркия давлатларига экспорт қилинмоқда.
Марғилон енгил саноат ва туризм касб-ҳунар коллежининг бир гуруҳ ўқувчилари ҳар йили бу ерда амалиёт ўтаб, ўзларининг муқим иш жойига эга бўлмоқда. Гулмира Мамадалиева, Нигора Усмонова, Феруза Қўчқорова, Муборак Саидова, Ўғилхон Машрапова, Замира Эркабоева каби ёш мутахассислар меҳнатсеварлиги билан қисқа вақтда жамоада ҳурмат-эътибор қозонди.
Рақобат тобора кучайиб бораётган халқаро бозордаги ўзгаришлар сифатли, экспортбоп маҳсулот турини кўпайтиришни тақозо этмоқда. Мамлакатимизда экспортчи корхоналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш имкониятини кенгайтирмоқда. Жорий йилда корхонада янги лойиҳа асосида чойшаблар, болалар футболкалари ва пайпоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.