Теҳрон: Ҳурмуз бўғози устидан назорат АҚШда эмас
Эрон ҳарбийлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ҳурмуз бўғози устидан назорат Қўшма Штатлар қўлида экани ҳақидаги баёнотини “уйдирма” деб атади. Ислом Республикаси ҳарбий қўмондонлик вакили Иброҳим Золфагарининг айтишича, савдо кемалари ва танкерлар рухсатсиз бу стратегик йўлдан хавфсиз ўта олмайди. Ҳозирда кемалардан транзит тўлови ундирилмоқда.
Трамп чоршанба куни ўзининг “Truth Social” платформасида сув йўли устидан “тўлиқ назорат” ўрнатилганини ёзган. У АҚШнинг денгиз блокадасини “пўлат девор” деб атаган. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Вашингтон Ҳурмуз масаласида вазиятни яна нотўғри баҳолаётганини таъкидлади.
Парламент Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Беҳном Саидий эса АҚШ ва Исроил кемаларига ўтишга рухсат берилмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, Теҳрон ва Масқат янги қатнов йўналишини белгилаш бўйича музокара олиб бормоқда.
Келишув ҳали якунига етмаган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги тайёрланаётган ҳужжат техник, ҳуқуқий, хавфсизлик ва экологик масалаларни қамраб олишини билдирган. Расмий манбаларга кўра, бўғозни қайта очиш Вашингтоннинг Эрон портларига қўйган денгиз блокадасини бекор қилишига боғлиқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА