Театр заҳматкашлари шарафланди
Мамлакатимизда “Театр томошалари ҳафталиги” баланд руҳда, юқори савияда бўлиб ўтди. Пойтахтимизда Халқаро театр куни муносабати билан ташкил этилган тантанали маърифий тадбирда театр санъатининг ривожи, ушбу ижодий ҳафталикнинг аҳамияти ҳақида бафсил сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков миллий театр санъатимизни равнақ топтириш маънавий-маърифий ислоҳотларда асосий ўрин эгаллашини эътироф этди.
– Ижод – машаққатли жараён, – деди Озодбек Назарбеков. – Парда ортида қанча меҳнат, қанча заҳмат, қанча қайғу ва дард ётганини санъат аҳли яхши билади. Театр санъати вакиллари ҳар қандай қийинчиликни, ҳаёт йўлларида учраб турадиган ҳар қандай муаммо ва машаққатларни мардонавор енгиб ўтиб, севган касбига, қадрдон саҳнасига ҳамиша садоқат кўрсатиб, фидойилик билан хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, тадбирда таъкидланганидек, театр санъатини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йилнинг ноябрь ойида бу борада алоҳида қарор қабул қилинди. Моддий имкониятлар кенгайди.
Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилди. Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси ҳузурида Драматургия ва театр танқидчилари клуби ташкил қилинди. Театрлар учун миллий қаҳрамон ва "Инсон қадри учун" эзгу ғоясини тарғиб этувчи давлат буюртмалари жорий қилинди. “Режиссёр – драматург – композитор – рассом” тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “Нигоҳ” ижодий семинари йўлга қўйилди.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси асосида мамлакатимиздаги барча давлат театрларида “Театр томошалари ҳафталиги” юқори савияда ўтказилди.

Мазкур ҳафталик давомида Маданият вазирлиги тизимидаги 37 та давлат театрлари томонидан 300 га яқин томошалар намойиш этилган бўлиб, ушбу спектаклларга 103 минг нафардан ортиқ томошабин ташриф буюрди. Шунингдек, турли жойларда флешмоблар ўтказилди.
– Кейинги йилларда ижодий жамоамиз учун жаҳоннинг турли давлатларига гастроллар қилиш учун имкониятлар янада кенгайди, – деди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов. – Хорижлик моҳир мутахассислар билан биргаликда янги спектаклларни, ижодий лойиҳаларни амалга оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, театр санъати мухлислари учун янада қизиқарли ва ранг-баранг спектакллар тақдим этиш йўналишида тинимсиз иш олиб борилмоқда.
Тадбир давомида театр соҳасида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган ижодкорлар, техник ходимлар “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Самарали меҳнат қилаётган театр ижодкорларининг яна бир катта гуруҳига Маданият вазирлигининг ташаккурномалари, совғалари топширилди.
Тантанали тадбир санъат усталари ва ижодкор ёшлар иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири