«Театр томошалари ҳафталиги» мухлисларни чорлайди
27 март – Халқаро театр куни муносабати билан давлат тасарруфидаги барча театрларда очиқ эшиклар ҳафталиги ўтказилади.
Миллий театр санъатимиз ривожи йўлидаги эътибор мамлакатимиздаги барча ижодий жамоаларни янада фаол ишлашга, бадиий баркамол саҳна асарларини томошабинларга тақдим этишга ундамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан «Театр томошалари ҳафталиги» мана бир неча йиллардан буён муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Айни пайтда пойтахт театрлари мамлакатимиздаги энг чекка ҳудудларга бормоқда. Ҳудудлардаги театр жамоалари Тошкент шаҳри аҳолисини ўз репертуаридаги саҳна асарлари билан таништирмоқда. Ўзбек театр жамоаларининг чет элларга ижодий сафар билан чиқишига оид имкониятлари янада кенгайди.
Ушбу ҳафталик томоша санъатининг энг сара намуналарини мухлисларга тақдим этиш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир. Ҳафталик доирасида намойиш этиладиган барча спектакллар намойишига кириш бепул.
Спектакллар 21-27 март кунлари соат 17:00да бошланади.
Н.Усмонова, ЎзА