Театр соҳасидаги халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Халқаро театрлар конфедерацияси уюшмаси ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда мазкур вазирлик ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Халқаро театрлар конфедерацияси уюшмаси масъул котиби Ирина Козак, МДҲ давлатлари билан ишлаш бўйича координатор Екатерина Черемина, уюшма техник директори Степан Леванков ҳамда вазирлик ташкилий қўмитаси аъзолари иштирок этган учрашувда 2021 йил 30 ноябрдан 7декабрга қадар Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган МДҲнинг иштирокчи, Болтиқбўйи ва Грузия давлатларининг IV “Ёшлар театри санъати” форумини ўтказишга доир масалалар муҳокама этилди.
Таъкидлаш керакки, "Ёшлар театр санъати" форуми халқаро миқёсда саҳна санъати бўйича кечаётган ижодий жараёнлар, янгиликлар билан танишишда, ўзаро фикр ва тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Халқаро театрлар конфедерацияси уюшмаси ва МДҲ вакиллари маданият вазири Озодбек Назарбеков билан ҳам учрашиб, форумга оид ташкилий масалалар юзасидан музокара олиб борди.
Айтиш жоизки, мазкур форум илк маротаба 2012 йил июнь ойида Кишинёв(Молдова)да, 2015 йил ноябрь ойида Минск (Беларусь)да, 2018 йил май ойида Ереван (Арманистон)да ўтказилган.
Н.Усмонова, ЎзА