ТДТ – туркий дунё манфаати йўлидаги истиқболли платформа
2021 йилгача Туркий кенгаш, деб номланган Туркий давлатлар ташкилотининг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ҳар томонлама дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
ТДТ БМТ Низомига, мақсад ва тамойилларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принциплари ва нормаларига, жумладан суверен тенглик, ҳудудий яхлитлик, халқаро миқёсда тан олинган чегаралар дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик каби қадриятларга содиқдир.
Тузилманинг олий органи Давлат раҳбарлари кенгаши бўлиб, аъзо давлатлар етакчиларининг мунтазам йиғилишлари шаклида фаолият юритади, долзарб халқаро муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқади, ўзаро муносабатларнинг устувор йўналишларини белгилайди, ташкилот фаолиятини таҳлил қилади.
Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (ТИВК) ўз ваколати доирасида ТДТнинг жорий фаолиятини кўриб чиқади, Давлат раҳбарлари кенгаши мажлислари учун энг долзарб масалаларни белгилайди, Котибиятнинг штат жадвали ва молиявий ҳисоботини тасдиқлайди. ТИВК йиғилиши, одатда, Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси олдидан ўтказилади.
Ташкилот таркибида Оқсоқоллар кенгаши ва Котибият мавжуд. ТДТ шафелигида Туркий маданият халқаро ташкилоти (ТуркСОЙ), Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА), Туркий маданият ва мерос фонди, Халқаро туркий академия, Туркий савдо-саноат палатаси, Венгриядаги ваколатхона фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон доим туркий давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришнинг фаол иштирокчиси ва ташаббускоридир. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган VI саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши Туркий давлатлар ташкилоти тарихида бурилиш нуқтаси бўлди.
2019 йил 14 сентябрь куни давлатимиз Нахичевань битимини ратификация қилди. Ўзбекистон қўшилиши билан бошқа аъзо давлатларнинг фаоллиги сезиларли даражада ошди. Бу тузилманинг минтақавий ташкилот сифатидаги аҳамияти мунтазам юксалишида намоён.
Давлатимиз раҳбари 2019-2023 йилларда ўтказилган саммитларда ТДТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 60 га яқин амалий ғояни илгари сурган. Бугунги кунга мазкур ташаббуслардан 42 таси амалга оширилди, 6 таси якуний босқичда.
Экспертлар фикрича, 2022 йил ноябрда Самарқанд мезбонлик қилган Саммит мамлакатимизнинг ташкилотга раислиги бошланиши сифатида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон раислиги даврида туризм, қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилишлари, биринчи Туркий қишлоқ хўжалиги ҳамда Ёш лидерлар форумлари, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Мусо Ал-Хоразмий маданий меросига бағишланган халқаро илмий анжуманлар, “Ақлли шаҳарлар” соҳасидаги IТ-мутахассислари конференцияси, “IТ-Wеек” ва “InnoWeek.Uz” доирасида Ёшлар стартаплари форуми каби 100 дан ортиқ тадбир ташкил этилди.
Шунингдек, Хавфсизлик кенгашлари котиблари, Оқсоқоллар кенгаши, таълим, соғлиқни сақлаш тизими, божхона идоралари раҳбарлари, инсон ресурсларини ривожлантиришга масъул идоралар етакчилари, Туркий университетлар иттифоқи ректорлари учрашувлари, Ёшларининг илм-фан ва инновация халқаро Конгресси муваффақиятли ўтказилди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар салмоқли инсон капиталига эга. Жами тахминан 150 миллион кишини ташкил қиладиган аҳолининг ўсиши ўртача 2,1-2,4 фоизни ташкил этади. Демак, 2030 йилга бориб ташкилотга аъзо мамлакатлар нуфуси 180 миллионга етиши башорат қилинмоқда.
Қувонарлиси, мамлакатларимиз иқтисодиёти жадал суръатда ривожланиб, йиллик ўсиш суръати ўртача 6-9 фоизни ташкил этмоқда. Бу Осиё ялпи ички маҳсулотининг 5,5 фоизига тенг.
Бугунги кунга қадар 15 га яқин мамлакат турли шаклда ТДТ билан ҳамкорлик ўрнатиш истагини билдирган. Бу ташкилотнинг обрўси, халқаро нуфузи тобора ортаётганини кўрсатади.
Туркий давлатлар ташкилотининг “Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш” мавзусидаги навбатдаги анжумани Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан жорий йил 5-6 июль кунлари Шуша шаҳрида ўтказилади.
Мазкур тадбирда аъзо давлатлар – Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамда кузатувчи давлатлар Венгрия, Туркманистон, Шимолий Кипр раҳбарлари, ТДТ Бош котиби иштирок этиши кутиляпти.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА