ТДМАУ муҳандислик ва фундаментал биология ютуқларини намойиш этди
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида “Муҳандислик соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуига бағишланган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Инфратузилма хавфсизлиги, “Ақлли уй” тизимлари, энергия тежовчи ечимлар ва пластик чиқиндилардан йўл қопламалари қуриш каби яшил инновациялар атрофлича таҳлил қилинган тадбирда университет ректори Расул Тўраев ва бошқалар мамлакатимизда соҳани янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида сўз юритди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар ва мавжуд муаммолар ечимига эътибор қаратди.

Анжуманда иштирок этган Ҳиндистоннинг нуфузли Олигарх мусулмон университети олими Моҳаммад Суҳаил, ЎзФА академиги Комилжон Тожибоев ва мамлакатимизнинг бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари университетнинг замонавий инфратузилмаси – Регистратор офиси, IT-марказ ва лабораториялар билан яқиндан танишди. Иссиқхонада банан кўчатларини иқлимлаштириш ва райҳоннинг ноёб навларини кўпайтириш бўйича олиб борилаётган агротехнологик изланишларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди. Олий таълим муассасаси ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиб, “яшил бойлик”ларни бойитишга ҳисса қўшди.

Тадбир якунида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети, ЎзФА Ботаника институти ҳамда Сурхондарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ўртасида назарий билимларни бевосита ишлаб чиқариш билан интеграция қилишда янги босқични бошлаб берадиган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Нуфузли халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуманлар ва стратегик лойиҳалар марказига айланаётган олий таълим муассасасида шу куни мамлакат илм-фани учун тарихий воқеа – Ўзбекистон Миллий гербарийсининг Термиз филиали очилди.
ЎзФА Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоев бошчилигидаги олимлар, Ҳиндистоннинг нуфузли Олигарх мусулмон университети ҳамда Тошкент, Самарқанд шаҳарларидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз жанубида иш бошлаган янги марказнинг илм-фан ривожидаги аҳамияти тўғрисида фикр алмашилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий гербарийсининг Термиз филиали фондида тўрт мингдан зиёд ўсимлик намунаси мавжуд. Эндиликда бу кўрсаткични ўн мингтага етказиш мўлжалланмоқда. Фонддаги барча намуналар дунё тан олган Энглер системаси асосида тартибланиб, ҳар бир экспонат юқори аниқликда сканер қилинади ва GPS координатлари билан Google хариталарига боғлаб, ноёб турларни масофадан мониторинг қилиш имконияти яратилади. Илмий хазина намуналарини пресслаш орқали 18 даражагача совуқликда сақлаш уни сифатли асраб, экспонатларни ҳашаротлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг илмий қийматини узоқ йиллар давомида ошириб боришга хизмат қилади.

Бир вақтнинг ўзида замонавий муҳандислик соҳасидаги муҳим ютуқлар ва фундаментал биологияни ривожлантириш йўлидаги илмий-тадқиқотлар кенг намойиш этилган анжуманда университетда олиб борилаётган кенг қамровли изланишлар алоҳида эътироф этилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА