Таъзимдамиз, сизга, азиз устозлар!
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ўқитувчилар меҳнатини қадрлаш ва нуфузини янада ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар натижаси ўлароқ, ўқитувчи ва мураббийлик касби том маънода қадр ва эъзоз топмоқда.
Навоий шаҳридаги 8-сонли информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўтишга ихтисослаштирилган мактаби нафақат шаҳарда, балки вилоятда ҳам ўз ўрнига эга бўлган таълим масканларидан бири ҳисобланади.
Мактаб ҳовлиси, фойеси ва барча синфхоналар турли гуллар билан безатилган. Кишининг баҳри-дили яйрайди. Кўнгилда қандайдир илиқлик пайдо бўлади, кайфият кўтарилади. Бу ҳолат ҳар куни билим олиш иштиёқида мактабга қадам қўйган ҳар бир ўқувчи учун бегона эмас.
[gallery-8949]
– Мактабимизда 4312 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда, – дейди мактаб директори Фозилжон Бўриев. – Уларга 285 нафар малакали устоз-мураббий замонавий таълим андозалари асосида, кўргазмали қурол ва инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда дарс бермоқда. Юртимизда замонавий билим масканларида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш бўйича ўзига хос янги тизим жорий этилганлиги ҳар бир ўқитувчидан катта масъулият талаб этади. Улар ўз устларида тинимсиз ишлаб, янгиликлардан мунтазам равишда хабардор бўлиб бормоқда, дарс жараёнларига янги педагогик услубларни жорий этиш йўлида изланмоқда. Гулнора Ўринова, Фароғат Облоқулова, Комил Раҳмонов сингари ўқитувчиларимизнинг дарс ишланмалари республика миқёсида оммалаштирилган бўлса, Дилором Ҳакимова, Шаҳноза Шарипова, Ўктам Тошқулов, Дилрабо Пардаева сингари ўнлаб ўқитувчиларимиз ўқувчиларимизнинг меҳрини қозониб, уларнинг севимли устозларидан бирига айланган. Ўз навбатида ўқувчиларимиз ҳам турли танлов, спорт мусобақалари ва беллашувларда фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой эгаллаб келмоқда.
Қарийб 30 йилдирки ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келаётган Дилором Ҳакимова зиёли оилада туғилган. 1993 йилда Навоий давлат педагогика институтини тугатиб, фаолиятини Навоий шаҳридаги 8-мактабда бошлаган. Бир муддат, яъни 2008-2009 ўқув йилида шаҳардаги 2-сонли академик лицейида ишлади. Яна жонажон мактабига қайтиб, иш фаолиятини давом эттирди.
– Ёшлигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қилганман, – дейди Д. Ҳакимова. – Мактабни тамомлаб педагогика институтига ҳужжат топширишимни айтганимда ота-онам мени қўллаб-қувватлаган. 1993 йилдан буён ўқитувчи бўлиб ишлаб келаман. Бугун ўқувчига қандай билим берилса, эртага унинг натижаси шундай бўлади. Ҳозирда шогирдларим турли соҳаларда меҳнат қилади. Байрамларда, яхши кунларимда улар менга елкадош. Уларнинг “Устоз”, дея мурожаат қилишлари менга куч бағишлайди. Янада кўпроқ ўқишим, изланишим кераклигини ҳис қиламан, дарсларда янги-янги педагогик услублардан фойдаланган ҳолда ўқувчиларнинг диққатини тортишга ҳаракат қиламан. Ҳар бир янгича услуб ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқини оширади.
Тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланишлар ўз самарасини берди. Олий тоифали ўқитувчи Дилором Ҳакимова 2021 йилда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Албатта, халқ таълими ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани, қўллаб-қувватланаётгани ўқитувчиларнинг янада фаол ишлаши, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайишида муҳим омил бўлмоқда.
Ғазал мулкининг султони Ҳазрат Навоийнинг эса “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила”, деган мисралари уларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов, ЎзА