Тажриба алмашиш – муваффақият омили
Ғўза ривожи ва ҳосил тўплашда муҳим палла бўлган август ойида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мўл ҳосил гаровидир.
Ғўза ривожи ва ҳосил тўплашда муҳим палла бўлган август ойида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мўл ҳосил гаровидир.Кўп йиллик тажрибага эга омилкор деҳқонларнинг фикрича, ўзаро тажриба алмашиш, бир-биридан ўрганиш ҳам бу борада алоҳида аҳамият касб этади.
Чимбой ва Тахтакўпир туманлари қишлоқ хўжалиги мутахассислари Элликқалъа туманида бўлиб, бу ерлик пахтакорлар иши билан танишди.
Шу муносабат билан ўтказилган семинарда туманлар ҳокимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, муқобил машина-трактор парки, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, фермерлар кенгашлари раислари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш отряди бошлиқлари қатнашди.
Бугунги кунда Элликқалъа туманида 11 минг 950 гектар майдонда ғўза парваришланаётир.
– Эрта баҳордан агротехник тадбирларни маромида ўтказганимиз боис ғўза баравж ўсмоқда, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Баҳром Исмоилов. – Ғўза қатор ораларига 230 культиватор ёрдамида ишлов берилиб, меъёрида озиқлантирилмоқда.
Семинарда ғўза парвариши билан бир қаторда пахта йиғим-терими ва келгуси йил ҳосили учун ғалла экишга тайёргарлик борасидаги вазифалар ҳам муҳокама этилди.
– Элликқалъалик пахтакорлардан кўп нарса ўрганиш мумкин, – дейди Чимбой туманидаги “Қамсариқ” овул фуқаролар йиғини раиси Сарсенбой Ерманов. – Дала маданияти, ўсимлик парвариши бўйича қилинган ишларни кўрдик. Биз Элликқалъа туманидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари фаолияти, ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишдик.
– Бу ердаги илғор тажрибаларни ўзимизнинг фермерлар билан маслаҳатлашиб, фаолиятимизда қўллашга ҳаракат қиламиз, – дейди Тахтакўпир тумани фермерлар кенгаши раиси Аймурат Халмуратов. – Туманимиздаги 126 фермер хўжалигидан 119 таси пахтачиликка ихтисослашган.
Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Кегейли ва Қўнғирот туманларининг қишлоқ хўжалиги мутахассислари Беруний туманида, Қораўзак ва Қанликўл туманлари пахтакорлари эса Тўрткўл туманида бўлди.