Тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда
Аҳолининг газга бўлган эҳтиёжини қондириш, вақтида “зангори олов”ни етказиб бериш мақсадида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан мавсумга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Жойларда газ қувурлари реконструкция қилинди, газ маромлаш қурилмалари янгиланди ва бўёқланди.
Маълумотларга кўра, вилоят бўйича 7 километрга яқин газ қувурлари мукаммал таъмирланди, 484 километрдан ортиқ газ қувурлари ҳаво босими ёрдами остида тозаланди. Шу йил ҳисобида 122 километрдан ортиқ газ қувурларида реконструкция ишлари олиб борилди. Бу билан шубҳасиз, вилоятдаги 100 дан ортиқ маҳалланинг табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилади.

– Вилоятда табиий газ таъминотини яхшилаш учун тизимли ишлар ўтган йилларга нисбатан анча ўсган. Шу йил ҳисобида 78 та газ маромлаш қурилмалари тўлиқ таъмирланди. Вилоят бўйича 2023 йилда 45 километр газ қувури реконструкция қилинган бўлса, 2024 йилда қарийб 57 километр газ қувури реконструкция қилинди. Рақамлар мисолида кўриш мумкин, амалий ишлар қарийб икки баробарга ошган, – дейди газ таъминоти фиалининг бўлим бошлиғи Акмал Насретдинов.

Таъкидлаш лозим, аҳолига мавсум давомида газни хавфсиз етказиб бериш мақсадида газ маромлаш қурилмалари ҳам тафтиш қилинди. Мавсумга қадар 4687 та газ маромлаш қурилмалари назоратдан ўтказилди. Нафақат мавсум, балки йил ўн икки ой аҳолини бир маромда газ билан таъминлаш асосий мақсад экан, бугун ана шу мақсад йўлида тизим ходимлари ҳаракатини масъулиятга таянган ҳолда давом эттирмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.