Абдусамат Тайметов ўзбек авиация мактаби асосчиси ва Тошкент аэропортининг биринчи директори. 1945 йил 9 майда унинг экипажи Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши тўғрисидаги акт ва Ғалаба байроғини Москвага топширган.
Маълумки, "Uzbekistan Airports" АЖ томонидан Ўзбекистон тарихидаги биринчи фуқаролик ва ҳарбий учувчи, Тошкент аэропорти илк директори Абдусамат Тайметов ҳақидаги ҳужжатли фильм тақдим этилган эди.
Сочида ташкил этилган "Yevroоsiyo-Kinofest" II халқаро кинофестивалида Грузия, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Франция, Швейцария, Покистон, Хитой, Бразилия, Кения ва бошқа 26 давлатнинг режиссёрлари ижоди жамланди. Фестиваль доирасида Зулфиқор Мусоқовнинг “Умида. Фудзияма ҳақида туш” ва Музаффар Эркиновнинг “Махтумқули Фароғий” ўзбек фильмлари ҳам ўрин олди.
Тақдим этилган картиналар халқаро ҳайъат аъзолари томонидан 14та номинация бўйича баҳоланди.
Абдусамат Тайметов ва Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси заводида Ли-2 самолётининг яратилиши ҳақида ҳикоя қилувчи “Тайметов. Ғалаба парвози” номли ҳужжатли фильм халқаро кинофестивалда юксак мукофотга сазовор бўлди. Фильм бошқа 90 та рақобатчи фильмни ортда қолдириб, "Матбуот мукофоти" номинациясида ягона ғолиб бўлди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу фильм нуфузли халқаро майдонларда яна иккита мукофот – “Маданиятлар мулоқоти” XIX Халқаро медиафорумида “Энг яхши фильм” махсус дипломи ва XXXIV халқаро кинофорумда “Энг яхши дебют” номинациясида “Бронзовый Витязь” билан тақдирланган эди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА