ТАТУда “Сунъий интеллект кластери” очилди
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш, илмий салоҳиятни юксалтириш ва инновацион экотизимни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи “Сунъий интеллект кластери”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаменти раҳбари Б.Хўжаев, Вазирлар Маҳкамасининг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш масалалари департаменти раҳбари З.Муталов, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, шунингдек вазирлик ва идоралар, IT соҳаси корхона ва ташкилотлари, олий таълим муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ҳамда талабалар иштирок этди.

Янги ташкил этилган “Сунъий интеллект кластери” — бу оддий лаборатория эмас. Кластер дегани бир жойда таълим, илмий тадқиқот, технология яратиш ва стартапларни ривожлантириш имкониятларини бирлаштирувчи замонавий муҳит. Бу ерда ғоя туғилади, синовдан ўтади ва амалиётга жорий қилинади.
Кластер доирасида университетга замонавий GPU Cluster ҳамда юқори унумдор серверлар тақдим этилди. Бу инфратузилма ёшларга сунъий интеллект моделларини яратиш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, машинали ўқитиш ва мураккаб илмий лойиҳалар устида ишлаш имконини беради.

Шунингдек, кластер таркибида AI Laboratory, AI Prototyping Room ва AI Lecture Room фаолияти йўлга қўйилди. Бу масканларда талабалар сунъий интеллект, 3D дизайн, IoT ва инновацион стартаплар устида ишлайди.
Бу ёшларга назарий билимни амалиёт билан боғлаш имкониятини беради. Фақат дарс билан чекланиб қолмай, талабалар ҳақиқий лойиҳаларда қатнашади, ўз стартапини йўлга қўяди, халқаро бозор учун маҳсулот яратади. Бу эса келажакда юқори маошли иш ўринлари, технологик тадбиркорлик ва глобал рақобатда иштирок этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Кластернинг асосий мақсади — Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича кучли мутахассислар авлодини шакллантириш, маҳаллий технологияларни яратиш ва мамлакатнинг рақамли мустақиллигини мустаҳкамлаш.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА