ТAТУ ва KOICA ўртасида янги лойиҳага старт берилди
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Бизнес-IТ таълим дастури ва инновацион экотизимни яхшилашга қаратилган янги лойиҳасига старт бериш мақсадида келишув шартномасини имзолади.
Учрашувда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Б.Маҳкамов бошчилигидаги делегация, KOICA агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Парк Сунжин хоним, КООКМИН университети проректори Ким Бёнг Жун иштирок этди.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 5 миллион AҚШ долларини ташкил этиб, 5 йил (2022-2027) давомида амалга оширилади. Ўзбекистонда олий таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш ва рақамли иқтисодиёт учун ёш истеъдодларни тайёрлаш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқиш лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.

Ушбу мақсадни амалга ошириш учун ТAТУда КООКМИН университети билан ҳамкорликда “Глобал IТ-бизнес” таълим дастурини очиш ҳисобига соҳадаги инсон капиталини ривожлантириш белгиланган. Шу билан бирга таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш, стартаплар ва IТ ечимларни жонлантириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳудуди – “FAB LAB”ни ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини назарда тутувчи IТ стартап экотизимини яхшилаш, талабаларни “ғоядан-бозоргача” тамойили асосида прототиплар ишлаб чиқишларини ва ўз инновацияларини тижоратлаштиришларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 700 метр квадрат майдонда ишлаб чиқариш ҳудудини ташкил этиш ишлари амалга оширилади.
ЎзА