Таътил пуллари ундириб берилди
Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани адлия бўлимига 6 нафар фуқародан мурожаат келиб тушди.
Унда ўзларининг тумандаги маҳаллаларда раис бўлиб ишлаганлиги, бироқ Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Хўжайли тумани бўлими томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътил пуллари тўлаб берилмаганлигидан норози эканликларини билдиришган.
– Ўзбекистон Республикаси маҳаллалари уюшмасига маблағ ажратиш бўйича хат юборилганлиги маълум қилинган, бироқ қарздорлик бартараф этилмаганлиги аниқланди, – дейди Хўжайли тумани адлия бўлими бошлиғи Арисланбек Ихласов. – Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 172-моддасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим билан ҳисоб-китоб қилиниши кераклиги белгиланган. Ҳисоб-китоб охиригача олинмаган иш ҳақини, ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча дам олишлар учун компенсацияларни, агар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида бошқа тўловларни тўлаш назарда тутилган бўлса, ушбу тўловларни тўлашни ўз ичига олади. Иш берувчи томонидан ходимга тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган куни амалга оширилади, деб кўрсатилган.
Шу билан бирга, Кодекснинг 333-моддасига мувофиқ, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Хўжайли тумани адлия бўлими томонидан мурожаат эгалари Б.Сейдаметов, Б.Жанабаев, Б.Алланиязов, Ж.Сапаров, А.Ибрагимова, Т.Камалов, А.Ибрагимовларнинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Натижада жавобгардан даъвогарлар фойдасига фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун жами 23 миллион 318 минг 259 сўм миқдоридаги қарздорлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 333-моддасига асосан ҳисобланган қарздорлик учун ҳар бир кечиктирилган кунга жами 36 миллион 806 минг 196 сўм миқдоридаги пул компенсацияси ундириб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири