Татаристон Республикаси Президенти Жиззахда
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Жиззах вилояти ҳокимлигида ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Татаристон Республикалари ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори даражага чиққанлиги таъкидланиб, инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди.
[gallery-9094]
Татаристон Республикасида ривожланган соҳалар – автомобилсозлик, энергетика, кимё саноати, металлургия, қишлоқ хўжалигида Жиззах вилояти билан ҳамкорлик қилиниши, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикрлашилди.
Татаристоннинг “Химград” технополиси билан ҳамкорликда амалга оширилган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ўхшаш индустриал паркини “Жиззах” МИЗ ҳудудида ташкил этиш таклиф этилди.
Маълум қилинишича, ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида савдо ҳажми 1 миллиард АҚШ долларига етказилади.
Делегация аъзолари “IT Park” Жиззах вилояти филиали ҳамда Жиззах шаҳридаги Президент мактаби фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Сўнг Қозон Федерал университети филиалининг очилиш маросимида иштирок этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА