Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашув тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Швеция Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Стокголм шаҳрида) Ингрид Терсман ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Мак Грегор билан учрашди.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамда ҳозирги пайтда Швеция раислик қилаётган ЕХҲТ доирасидаги Ўзбекистон – Швеция ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимиз миллий манфаатларига жавоб берадиган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали хавфсизликнинг ҳар учала ўлчови бўйича Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги алоқаларнинг юқори даражаси мамнуният билан қайд этилди.
Музокара давомида Ўзбекистон ва Швеция парламентлари ўртасидаги муносабатни ривожлантириш, икки томонлама савдо ҳажмини ўстириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
ЎзА