Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчилар томонидан иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Покистон. Ушбу ўлканинг ахборот ва радиоэшиттириш вазири Аттауллоҳ Тарар Ўзбекистоннинг Исломободдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев билан учрашув ўтказди.
Ўзаро мулоқотда икки мамлакат ўртасида медиа, кино ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қўшма қисқа метражли фильмлар, ҳужжатли фильмлар ва сериаллар ишлаб чиқариш имкониятларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, маданий алмашинувни ривожлантириш, медиа ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда журналистлар учун тажриба алмашиш ташрифларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Буюк Британия. Диёримизнинг Лондондаги элчихонасида “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан “Тўмарис” аёллар уюшмаси ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди. Унда таниқли ижодкорлар иштирок этиб, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижодий ва маънавий ривожланишини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Франция. Юртимизнинг шаҳар ва вилоят ҳокимликлари, шунингдек, бир қатор давлат идоралари вакиллари “SUEZ” компанияси президенти Пьер Полиак билан муҳим учрашув ўтказди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва истиқболли ташаббусларни амалга ошириш бўйича алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ф.Яхшибоева, ЎзА