-
ЎзА “Ташқи дипломатия” рукни орқали давлатимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчиларимиз томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.
C5+1 формати доирасида илмий ҳамкорлик форуми ўтказилди
Германия. Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов Германиянинг Халле шаҳрида жойлашган Леопольдина – Германия Миллий фанлар академияси қароргоҳида Марказий Осиёга бағишланган Олий таълим ва фан форумида иштирок этди. Тадбир C5+1 формати доирасида ГФР ва Марказий Осиё давлатлари стратегик шериклигини мустаҳкамлашга қаратилди.
Буюк Британия. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ташаббуси билан таниқли ўзбек санъаткори, мақом устаси Илёс Арабов Лондон шаҳридаги SOAS университети ҳамда Шарқ ва Африкашунослик мактабида концерт дастурини тақдим этди. Мазкур маданий тадбир доирасида миллий санъатимизнамуналари ижро этилди, ўзбек маданий мероси хорижлик тингловчиларга кенг кўламда намойиш қилинди.
Испания. Мадрид шаҳрида икки мамлакат давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирган Ўзбекистон – Испания бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда республикамизнинг инвестициявий салоҳияти, юртимизда амалга оширилаётган йирик минтақавий лойиҳалар, шунингдек Испания компаниялари билан энергетика, агросаноат мажмуаси, сув инфратузилмаси ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги шериклик истиқболи муҳокама қилинди. Форум якуни бўйича 4 ҳужжат имзоланди, B2B учрашувлари ўтказилди.
Франция. Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси томонидан Францияда ишга жойлаштириш бўйича рекрутинг агентлиги вакиллари Наталия Юн ва Фабрис Мияр билан самарали учрашув ўтказилди. Мулоқот давомида ушбу давлатда мавсумий бандлик учун Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини жалб этиш истиқболи муҳокама қилинди. Шунингдек, кадрларни тизимли танлаш, меҳнат стандартига қатъий риоя қилиш ва ходимлар учун муносиб меҳнат шароити яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.