“Ташаббусли бюджет”: муаммолар ҳал бўлмоқда
Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги қатор кўчалар “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида асфальтлаштирилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган “Ташаббусли бюджет” жараёни жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, бюджет маблағларини ҳудудлардаги энг муҳим, деб топилган ишлар, лойиҳаларга йўналтириш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг март ойларида “Очиқ бюджет” ахборот порталига келиб тушган таклифларга овоз бериш жараёни ўтказилиб, якуний натижаларга кўра 1-босқич учун туман маҳаллий бюджети ҳисобидан ажратилган 4 миллиард 380 миллион сўм маблағ доирасида таъмирталаб кўчаларни асфальтлаштириш бўйича дастлабки ўринларни эгаллаган 5 та таклиф ғолиб деб топилган эди.
Овоз бериш жараёнида ғолиб бўлган таклифлар бўйича кўчаларни асфальтлаштириш смета-лойиҳалари тайёрланди. Бу борадаги амалий ишлар энг кўп – 1 минг 938 та овоз олган Боймаҳалла маҳалла фуқаролар йиғинининг Олтин мерос кўчасидан бошланди.
- Айни кунда 4,5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламизда 6 та кўча мавжуд, - дейди Боймаҳалла МФЙ раиси Мирзоҳид Ғиёсов. - Ҳудудимиздаги таъмирталаб ҳолатга келиб қолган Олтин мерос кўчасини асфальтлаш учун кўп ҳаракат қилдик. Лекин муаммо ҳал бўлмасдан келаётган эди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йиллар давомида ҳал бўлмаётган ана шу муаммони ижобий ҳал этилишига ёрдам берди.
Лойиҳа доирасида Булоқбоши тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 2 минг 580 метр узунликдаги Олтин мерос кўчасига тўлиқ ётқизилди.
[gallery-7680]
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА