“Ташаббуслар марафони” минглаб ёшларни бирлаштирди
Ёшлар ойлиги доирасида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида ташкил этилган “Ёшлар ташаббуслари марафони” Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламда ўтказилди.
Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой майдонида бўлиб ўтган тадбирда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар иштирок этди.
Марафон доирасида тадбиркорлик, бандлик, инновациялар, робототехника, китобхонлик, хорижий тиллар, экология, спорт ва маданият йўналишларида махсус павильонлар ташкил қилиниб, иштирокчиларга соҳалар бўйича мавжуд имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди. Ёшлар мутахассислар билан мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирок этиб, ёшлар билан учрашди. Мулоқот давомида уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди, ёшларга яратилаётган имкониятлар хусусида фикр алмашилди.
[gallery-30016]
Марафон доирасида турли соҳалардаги фаоллиги, иқтидори ва ташаббускорлиги билан ажралиб турган бир гуруҳ ёшлар тақдирланди.
Тадбир куннинг иккинчи ярмида маданий дастур билан давом этди. Унда санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, марафон тадбирларида 95 мингдан ортиқ ёш иштирок этди.
Қайд этилишича, “Ёшлар ташаббуслари марафони” ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда турли соҳалардаги имкониятлар билан таништиришга хизмат қилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари