Ташаббускорлик — ислоҳотларнинг амалий ифодаси
Бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кенг кўламли шарт-шароитлар яратилмоқда. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, бундан ўн йил аввал мактаб битирувчиларининг олий таълимга қамрови чекланган, университет ва институтлар фақат марказий шаҳарларда жойлашган эди.
Бугун эса замон шиддатига мос равишда олий таълим тизими тубдан ўзгарди: хусусий, қўшма ва дуал таълим шакллари ҳаётимизга кириб келди. Ҳадемай мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етиши кутилаётгани олиб борилаётган одилона сиёсатнинг натижасидир.


Хусусан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам рақамлаштириш кўлами кенгайиб, таълим сифати янги босқичга кўтарилмоқда. Эндиликда талабаларимиз нафақат назарий билим, балки ветеринария, чорвачилик ва иқтисодиёт тармоқларида зарур бўлган амалий кўникмаларни ҳам пухта эгаллаб, етакчи кадрлар бўлиб етишмоқда.


Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилда олий таълим ва илм-фан соҳасида амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган тақдимотида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида университетимизда муҳим янгиликка қўл урилди. Ректор, профессор Худойназар Юнусовнинг буйруғи билан ташкил этилган Регистратор офиси бугун университетнинг энг фаол тузилмасига, инновацион ғоялар ва стартап лойиҳалар марказига айланди. Ушбу офисда фаолият юритаётган, хорижий тилларни пухта эгаллаган ва юқори малакали мутахассислар 5200 нафардан зиёд талаба ҳамда 400 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.


Давлат хизматлари агентлиги тамойили асосида ишлайдиган ушбу тизимда барча жараёнлар рақамлаштирилган бўлиб, талабанинг ўқишга қабул қилинганидан то диплом олгунига қадар бўлган барча маълумотлар, буйруқлар ва архив ҳужжатлари ягона базада жамланган.Офис фаолиятининг дастлабки натижалари ҳам салмоқли бўлди. Қисқа фурсат ичида 80 нафардан ортиқ иқтидорли талабаларимиз нуфузли хорижий илм даргоҳларида академик мобиллик ва алмашинув дастурлари асосида тажриба орттириб қайтди.
Шунингдек, ички академик мобиллик доирасида ҳам талабаларга кенг имкониятлар яратилди. Бу жараёнда бухгалтерия ва маркетинг йўналишидаги хизматларнинг электрон шаклга ўтказилгани иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласи ҳам офиснинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган бўлиб, мунтазам равишда “Карьера кунлари” ва йирик иш берувчилар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Регистратор офиси қошида “Ўзмиллий банк” АЖ билан ҳамкорликда “Келажакка қадам” маркази фаолият бошлади. Мазкур марказ кўмагида битирувчиларнинг истиқболли бизнес лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Натижада ёш тадбиркорларга ўз фаолиятини йўлга қўйишлари учун 1 миллиард 200 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилишига эришилди.
Бу каби лойиҳалар нафақат ёшлар бандлигини таъминлаш, балки янги иш ўринлари яратиш орқали юртимиз равнақига ҳисса қўшишга қаратилган. Хулоса қилиб айтганда, университетимиздаги янги тизим ва рақамлаштириш жараёнлари ёш авлоднинг порлоқ келажаги ва юксак марраларни забт этиши учун мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилмоқда.
Отабек Бойматов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,
чорвачилик ва биотехнологиялар университети
Регистратор офиси бошлиғи, қ.х.ф.ф.д.